Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш-барқарор тараққиёт кафолатидир

Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун ЎзЛиДеП партияси номзоди Шавкат Мирзиёев, партиянинг шу йил 19 октябрда бўлиб ўтган съездида қилган маърузасида мамлакатдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга доир ҳукумат режаларини эълон қилди. Номзод бугунги кунда, ҳукумат томонидан бу борада 15та мақсадли дастур ишлаб чиқилаётганини маълум қилган эди. 24 октябрда шулардан бири қишлоқ аҳолисининг эҳтиёж ва талабларини эътиборга олиб, Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди. Унга кўра, биргина келгуси йилнинг ўзида тўрт хил янги намунадаги, қулай ва арзон, бир ва икки қаватли 15 мингта замонавий уй-жой барпо этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, 2017-2020 йилларда шаҳар жойларда 945 та кўп қаватли уйлар қуриш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Дастурга кўра, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 50 мингга яқин уй-жойга муҳтож оилалар учун 5, 7 ва 9 қаватли арзон уйлар қурилади. Келажакда тасдиқланадиган Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури биз учун ғоят долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилади. Бугунги кунда аксарият жойларда одамларни қийнаб келаётган ана шу муаммони ечиш мақсадида келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3,2 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради. Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида “Тоза сув” махсус жамғармаси ташкил этилади. Ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳозирги вақтда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда. Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган.
Беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган.

Навбатдаги долзарб масала йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ. Партия номзодининг фикрича, бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келган. 75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда. Янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, аҳолимиз учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва “Ўзавтойўл” компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқилади. Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналиш­лардаги эскирган автобуслар янгиланади. Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш ишлари якунланади. Шулар қаторида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Раззоқов А.А.

Фотолавҳалар >>>>

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan