Тиббий таълимни ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тиббий таълим тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ҳужжат тиббий таълим сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус тиббий таълим тизимини энг яхши халқаро амалиётлар даражасида босиқчма-босқич шакллантириш ҳамда тиббий ёрдам даражасини оширишга йўналтирилган.

Қарорда олий тоифали тиббий кадрларни магистратура тизимида тор мутахассислик бўйича (2−3 йиллик таълим) тайёрлаш, клиник ординатура мутахассисликлари бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлашни (2 йиллик таълим) кенгайтириш кўзда тутилган.

Бакалавриатда умумкасбий блок бўйича ўқув соатлари ҳажмини клиник ўқув амалиёти учун гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий блокдаги ўқув соатларини умумий ўқув вақти ҳажмидан 7 фоизгача қисқартириш ҳисобидан 85 фоизга қадар ошириш режалаштирилган.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий таълимида «ҳамширалик иши», «стоматологик иш», «тиббий профилактика», «лаборатория диагностикаси» ва «фармация» йўналишлари белгилаб олинди.

Бакалавриатнинг «даволаш иши», «касбий таълим» (даволаш иши), «ҳарбий-тиббий иш» (даволаш иши) ва «педиатрия иши» йўналишлари бўйича таълим олаётган 2−5 курс талабалари учун ўқитиш 6 (олти) йиллик таълим якуни бўйича базавий олий тиббий таълим олишни таъминловчи олий тиббий таълимнинг мослаштирилган ўқув режалари асосида олиб борилиши белгиланди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий тиббий таълимнинг давлат таълим стандартлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар тиббий таълим ўқув режа ва дастурларини қайта кўриб чиқиш белгиланди.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ОТМларига қабул қилинувчи абитуриентлар учун базавий олий тиббий таълимнинг янгиланган ўқув режалари жорий этилиши лозим.

Тиббий таълим соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган этиб белгиланди.

Манба: press-service.uz

gazeta.uz

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *