“Биз Ибн Сино издошларимиз” номли “Талабаликка бағишлов” тадбири

Тошкент тиббиёт академиясига 2017-2018 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талаба-ёшлар учун “Биз Ибн Сино издошларимиз” номли “Талабаликка бағишлов – 2017” тантанали маданий-маърифий байрам дастури жорий йилнинг 5 октябрь санасида “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтди. Тадбир аввалида санъат саройининг фойесида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи, гиёҳвандлик, кашандаликларнинг салбий таъсирини ўзида акс эттирган расмлар ва баннерлар кўргазмаси, Академиянинг иқтидорли талабалари қўлга киритган фан олимпиадалари, халқаро конференциялар иштирокчилари сертификатлари кўргазмаси, “Янги аср авлоди” таҳририяти томонидан босмадан чиққан китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирнинг тантанали қисмини Тошкент тиббиёт академиясининг ректори Л.Н.Туйчиев очиб берди.

Тадбирнинг бадиий кириш қисмида дунё илм-фани тамаддунига улкан ҳисса қўшган олимлар Афлотундан Академия тимсолини, Гиппократдан қасамёд сўзлари битилган рамзий битикни, Абу Райҳон Берунийдан Хоразм Маъмун академиясининг рамзий белгисини, Абу Али ибн Синодан “Тиб қонунлари” китобини, ар-Розийдан “Касалик тарихи” бўйича баённомаси рамзий тимсолларини Академия ректори ва иқтидорли талабаларига тақдим этиш саҳна кўриниши билан бошланди.

Тадбир давомида Академиянинг биринчи курсига қабул қилинган 500 нафардан ортиқ талабалари ўз қасамёдларини қабул қилар экан Мустақил Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг, шон-шарафини асраб-авайлашга, жамиятнинг сиёсий барқарорлигини, фуқаролар осойишталиги ва умуммиллий тотувликни, энг юксак қадрият сифатида сақлаш, Мустақил Ватан тақдири билан ўз тақдирини чамбарчас боғлашга, бутун фаолиятларини она диёрга ва унинг буюк келажагига баҳшида этиш, Ватан тараққиёти ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга, унинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашга сафарбар этишга, тарихимизни чуқур ўрганиш ва у билан ғурурланишга, инсоният тафаккури камолига улкан ҳисса қўшган бобокалонларимиз – Имом Бухорий, Ал-Фарғоний, Боҳовиддин Нақишбанд, Ал-Хоразмий, Абу Райхон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек аждодларимиз меросини, маънавий сарчашмаларини, чуқур ўрганишга, эҳтиёт қилиб бойитиш, улар ёққан чироқларни янада мунаввар этишга, Замонавий даволаш ва диагностика усулларини чуқур ўзлаштириб, юқори малакали шифокор бўлишга, даволаш санъатини ўз билимларига таянган ҳолда беморлар манфаатига қаратишга, аҳоли орасида  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни олдини олиш, соғлом авлодни тарбиялаш, шифокор этикаси ва деонтологияси тамойилларига амал қилиш, беморларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ҳеч қачон ошкор қилмасликка, ота-она олдидаги фарзандлик бурчини унутмаслик, уни тўла адо этиш каби пурмано ғояларни ўзида муажассам этган сўзлар билан қасамёд этдилар. Тадбир давомида Академиянинг маданият уйи бадиий ҳаваскорлик тўгараги иқтидорли талабалари, жумладан, тиббий профилактика факультети талабаси Шахзод Жўраев ижросида “Аввал Келинг, кўринг Ўзбекистонни”, даволаш факультети талабаси Юсупов Асрор ижросида “Бугун байрам”, даволаш факультети талабаси Юсупова Наргиза ижросида  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”,  ТТА ҳузуридаги ҳарбий тиббий факультет курсандлари ижросида саф қўшиғи, Маданият уйи раҳбари М.Абдуллаев ижросида “Дуолар қилайлик” номли куй-қўшиқлари йиғилганларга тақдим этилди.

Тадбирга меҳмон олий таълим муассасалари Ўзбекистон  Давлат Концерваторияси, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти иқтидорли талабалари ижросида куй қўшиқлар, саҳна кўринишлари ижроси тақдим этилди. Шунингдек, Академиянинг ижодга қизиқувчан қобилиятли ёшлари даволаш факультети талабаси У.Ҳамраева, тиббий педагогика факультети талабаси К.Хидоятов, Олий маълумотли ҳамшира факультети талабаси М.Истамқулова, Тиббий профилактика факультети талабаси Д.Хикматовлар томонидан ўз қаламига мансуб шеърлари йиғилганларга тақдим этилди.

Тадбирда Академиянинг фахрий профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, ота-оналар, жамоат ташкилоти ва Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир бадиий жиҳатдан кўтаринки руҳда ўтди.

ТТА маънавият ва маърифат бўлими


Фотолавҳалар: