Янги йил табриги

Азиз устоз ва талабалар! Сизларни қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган Янги – 2018 йил билан чин дилдан табриклайман.

Эл-юртимиз фаровонлиги йўлидаги барча ишларингизда улкан муваффақиятлар тилаб, йил давомида яхши кайфият ва омад сизларни асло тарк этмасин! Оилангизга бахту саодат, хонадонларингиздан тинчлик-хотир- жамлик ва файзу барака аримасин!

2017 йилда юртимиз ҳаётида яхши кунлар, улкан ютуқлар ва марралар кўп бўлди. Шу ўринда тарих саҳифаларидан жой олаётган 2017 йил академиямиз ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, ўқув жараёнига янги педагогик технологияларнинг жорий этилиши биз кутган натижаларни берди. Илмий тадқиқотлар борасида ҳам аҳамиятга молик, ижобий ютуқларга эришилди. Қувонарлиси янгидан-янги илмий тадқиқотлар ва ихтирочилик ишлари республикамиз жамоатчилиги эътиборини қозонди. Маънавият ва маърифат, маданият ва спорт соҳасида қилинган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳам ўзига хос салмоққа эга.

Академиямизда таҳсил олувчи талаба ёшларнинг ютуқлари билан бирга, Президент, Ибн Сино ва бошқа номдор стипендиантларнинг кўплаб чиққани ҳам олиб борилаётган тизимли ишларнинг самараси десак, муболаға бўлмайди.

Қутлуғ қадамлар билан кириб келаётган 2018 йилда ҳам академиямиз жамоаси катта-катта режаларни амалга ошириш, бир қатор хайрли тадбирларни ўтказишни мўлжалламоқда.

Қадрли устозлар, муҳтарам профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар кириб келаётган Янги – 2018 йилда сизга ва оила аъзоларингизга меҳнат фаолиятида, ўқишда, жамоат ишларида ҳамиша бахт ва омад ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан!

Илмий, ижодий, ўқишдаги фаолият ва интилишларингизда муваффақиятлар тилайман. Сиҳат-саломатлик, шоду хуррамлик, бахту саодат барчамизга йўлдош бўлсин.

Янги йилингиз муборак бўлсин, муҳтарам академиямиз жамоаси, қадрли профессор-ўқитувчилар ва талабалар!

Л.ТУЙЧИЕВ,
Тошкент Тиббиёт академияси ректори

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan