Tel:+998 71 150-7834
 

Анжуман бўлиб ўтди

akademiyada anjuman

“Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзусида профессор-ўқитувчилар анжумани бўлиб ўтди

Мамлакатимизда илмий салоҳияти юқори, маънан-ахлоқан етук, жисмонан баркамол авлодни тарбиялаш борасида ишлар босқичма-босқич амалга оширилиб, ёшлар сиёсати мамлакатнинг бош сиёсати даражасига кўтарилди. Бунинг натижасида мамлакатимиз ёшлари илм-фан, маданият, спорт соҳаларида юрт шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар. Ана шундай ишларни амалга ошириш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясида талаба-ёшларни касбий билимлари юқори, манавий-ахлоқий етук, халқ саломатлиги йўлида муносиб кадр тайёрлаш мақсадида қатор сайи ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Тошкент тиббиёт академиясида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида 2017 йил 6 январ куни Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчиларига  “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Анжуманни Тошкент тиббиёт академияси ректори Туйчиев Лазиз Надирович очиб бердилар ва ушбу анжуманнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида тўхталиб ўтар эканлар:  анжуманнинг мақсади “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг устувор вазифалари, маънавий – маърифий ишлар самарадорлиги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги” Қонуннинг асосий тамойилларини тўлақонли очиб беришга қаратилганини такидладилар.

Анжуман дастурига мувофиқ, маънавият ва маърифат ишлари проректори Т.А.Бобомуратов “Тошкент тиббиёт академиясида маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да бажариладиган вазифалар” мавзусида маъруза қилиб, бу борада Тошкент тиббиёт академиясида амалга оширилган ва амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар хусусида ўз таклиф ва мулоҳазаларини ўртоқлашдилар.

Тошкент давдат юридик университети ижтимоий фанлар кафедраси доценти Э.Қодиров “Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунида соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларига қўйилган вазифалар” ҳусусида тўхталар экан: биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳамда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастурил-амал бўлиш ҳусусиятларини батафсил баён этиб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси  кафедраси мудири, доцент Ш.Х.Зулфиқоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” номли маърузасида: халқ давлат идораларига эмас, балки, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари тушунчалари ўзаро шунчалик боғланиб кетганки, уларни бир-биридан асло ажратиб бўлмайди. Ана шу заруратдан келиб чиққан ҳолда, барча қонун ҳужжатларида халқ билан мулоқот тизими ҳақидаги нормаларни аниқ белгилаб қўйиш лозимлигини таъкидлаб, бу борада, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади, дея хулоса қилдилар.

Шунинг учун ҳам, Тошкент тиббиёт академиясида анаънага айланиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг маънавий–маърифий  анжумани ташкил этилиши ва ўтказилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини мустаҳкамлаш борасида бир қадам бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Ҳаммамиз яхши биламизки, Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши ёшларимизнинг таълим-тарбиясига ва қандай инсон бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Ушбу эзгу мақсадлар юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги анжуман ва ундан кўзланган мақсад ва маърузалар ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Ушбу анжуманни “Қонун устуворлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш – юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигининг гарови” шиори остида амалга оширилиши “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”нинг устувор вазифаларини ўзида мужассам этади.  

Ёшларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, касб-ҳунарга йўналтириш, маънавий таҳдидлардан асраш борасида амалга оширилаётган ишларимиз албатта беқиёс. Аммо бу ишларни бугунги кунда янада кучайтиришимиз ва самарадорлигини оширишимиз давр талаби. Бугунги анжумандан кўзланган мақсад ҳам айнан шу. Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда ўсиб-улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, интеллектуал салоҳиятини юксалтириши учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

Бундай тадбирлар ёшларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини қарор топтиришда уларни турли мафкуравий таҳдидлардан, “Оммавий маданият” таъсиридан ишончли ҳимоялашда алоҳида аҳамиятга эга.
Кириб келган янги – 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани ҳам янада фаол бўлишга, ишимиз самарадорлигини оширишга ундайди. Ёшларимиз билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини эшитиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Фотолавҳалар

ТТА маънавият ва маърифат бўлими

 
 

Share this Post