“Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф

20.09.2016 куни ТТА Тиббий профилактика ва ТТА Тиббий биология факультети 1-курс 101-гуруҳ талабалари Тиббий профилактика факультети декан ўринбосари Жўраев Ж.А. бошчилигида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюришди.
Маълумки, тарих музейлари халқ хотирасининг ифодаси ҳисобланади. 1999 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасини барпо этишга қарор қилинди ва бу борада улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, Миллий мустақиллик, Ватан равнақи, юрт озодлиги учун жонини фидо қилган эл ўғлонларининг қутлуғ хотирасига пойтахтда муаззам хиёбон барпо этилди. Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этилган ва 2002 йил 1 августда – қатағон қурбонларини ёд этиш кунида очилган “қатағон қурбонлари хотираси” музейи қурувчилар, меъморлар ва тарихчи олимларнинг улкан меҳнати маҳсули бўлди. Халқимизнинг миллий қадр-қиммати тикланишига, ўзлигини қайтадан намоён этишга истиқлол йўл очди ва биз она Ватанимиз ва халқимиз тарихи билан фахрланиш, Ўтган аждодларимизнинг қутлуғ хотирасини эъзозлашдек юксак инсоний-маънавий имкониятларга эга бўлдик. Қатағонларни хотирлаш ва эъзозлаш, халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотирасини тиклаш мақсадида 2002 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти И. А. Каримов ташаббуси билан “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилган эди.

            Музейнинг ташқи кўриниши: “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” майдонининг марказида жойлашган бўлиб, майдонга янада кўрк ва файз бағишлаб турибди.
Музейнинг томи вазифасини ўтовчи “Кўк гумбаз” “Уста” бирлашмаси томонидан ишланган. Бино атрофидаги 28 та устун Қўқонлик уста Абдуғани Каримов ва унинг шогирдлари томонидан “ёғоч ўймакорлиги” усулида ишланган. Бино тўрт эшикдан иборат. Булардан бири Қўқон усталари, бири Самарқанд усталари, иккитаси тошкентлик усталар томонидан “ёғоч ўймакорлиги” усулида жуда катта дид билан ишланган.
            Ҳозирги кунда музей ичига тошкентлик усталар томонидан ясалган эшик орқали кирилади.
            Музейнинг ички кўриниши: Музей зали ёруғ ва шинам. Зал марказида “Изтироб ҳайкали” ўрнатилган. Унда фарзандини кутаётган ота-она, ўз ёрини соғинган аёл, ота меҳрига тўймаган бола тасвирланган. Деворларга музейни бўлимларга ажратувчи, мавзуларга оид, ўша даврларга хос лавҳа – суратлар осилган.
            Музей 7 бўлимдан иборат. 1. XIX аср ўрталари ва охирлари. 2. 20-йиллардаги қатағон. 3. “қулоқ”лаштириш даври. 4. 30-йиллардаги қатағон. 5. 40-50-йиллардаги қатағон. 6. 80-йиллардаги қатағон. 7. Мустақиллик йилларида қатағонларни хотирлаш ва эъзозлаш.
            Ҳар бир бўлимда шу даврга оид ҳужжатлар, маҳфий қоғозлар, расмлар, давр лавҳалари ва экспонатлар бор.
            Миллатимиз фахру ифтихори бўлган Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари юзлаб улуғ зотларнинг ҳам шу ерда қатл этилганлиги яқингача кўпчиликка маълум эмас эди. Барчамизнинг тақдиримизга дахлдор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишдаги ҳали-ҳануз сир бўлиб келаётган ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни манна шу ёдгорлик ҳамда музей ўргатиши шубҳасиз. Зеро, музейларни ташкил қилишдан мақсадимиз ҳам шу жамият ва яшаб турган инсонларнинг ўз ватани тарихига бефарқ қолмасликлари, айниқса ёшларнинг ўзларидан катта аждодлари ҳаёти ва тутган йўлларини яхши билиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, Ватан озодлиги, тинчлиги, фаровон ҳаёти учун улардек мардларча, фидокорона меҳнат қилишлари сари илҳомлантиришдир. Ўзлигини англаган ҳар бир фуқаро шу юртнинг келажаги, фарзандлар камоли ва яхши турмуши учун бор куч-қувватини сафарбар қилади.
Бу музейлар халқимиз ҳаётида, айниқса ёшлар маънавий дунёқарашини шакллантириш, уларда аждодларига нисбатан меҳр, ифтихор туйғуларини такомиллаштиришда муҳим вазифаларни амалга оширади, ҳамда маданий-маърифий ғояларни кенг халқ оммаси ўртасида тарқатиш, тарғиб қилиш ва жаҳонга кўз-кўз қила туриб, аждодларига муносиб тарзда ҳаёт кечиришлари, меҳнат қилишлари ва буюк ишларни амалга ошириш сари илҳом бахш этади. Музейлардан олинган таассурот, билимлар кишига эстетик ҳамда маънавий завқ бағишлайди.
toshkent.uz манбасидан фойдаланилди
Фотолавҳалар:

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan