Hukumat Qarorlari

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ФАРМОНИ

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 205-модда)

 

Юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлашни ташкил этишни такомиллаштириш ва сифатини ошириш, ўқиш жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган зарур ўқув ва моддий-техника базасини яратиш, илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш асосида ўқиш жараёнини янги мазмун билан бойитиш, бўлғуси мутахассисларнинг таълими улар томонидан аниқ даволаш амалиёти малакаларини эгаллаш билан чамбарчас боғлаб олиб борилишини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тугатилаётган Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари негизида Тошкент тиббиёт академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Белгилансинки, Тошкент тиббиёт академияси Республикада юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлайдиган етакчи ўқув муассасаси ҳисобланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2005/2006 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида» 2005 йил 2 июндаги ПҚ-92-сонли қарорига мувофиқ 2005/2006 ўқув йилига бакалаврлар ва магистрлар тайёрлаш бўйича Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари учун белгиланган қабул квоталари Тошкент тиббиёт академиясида сақлаб қолинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Тошкент тиббиёт академияси ректорати билан биргаликда илгари тасдиқланган қабул комиссиялари фаолиятининг аниқ пухта ташкил этилишини ва улар узлуксиз ишлашини, Академияга қабул қилиш чоғида тест танлови ўтказилиши ҳамда тест синовларидан муваффақиятли ўтганлар қабул қилинишини таъминласин.
Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтларига ҳужжат топширган ва тест синовларида муваффақиятли ўтган абитуриентлар Тошкент тиббиёт академиясининг талабалари этиб қабул қилиниши белгилаб қўйилсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Тошкент тиббиёт академиясини ташкил қилиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалалар юзасидан қарор қабул қилсин.
Қарорда қуйидагилар назарда тутилсин:
ҳозир фаолият кўрсатаётган бешта факультет — даволаш, тиббий-педагогика, стоматология, тиббий-профилактика ҳамда «Олий ҳамширалик иши» факультетларини сақлаб қолиш;
даволаш факультети ҳамда «Олий ҳамширалик иши» факультетини тугатилган Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти корпусларида, стоматология, тиббий-профилактика ва тиббий-педагогика факультетларини эса — собиқ Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти корпусларида жойлаштириш;
Тошкент тиббиёт академиясининг янги ташкилий тузилмаси, кафедралар, ўқув, лаборатория ҳамда ёрдамчи тузилмаларнинг сони, таркиби ва номини қайта кўриб чиқиш, уларнинг такрорланиши ва параллел ҳолда олиб борилишига барҳам беришни кўзда тутиш. Айни вақтда профессор-ўқитувчилар таркибининг умумий сони сақлаб қолинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тугатилаёттан Биринчи ва Иккинчи Тошкент тиббиёт институтларининг биноси, иншоотлари ҳамда бошқа мулки ва активларини Тошкент тиббиёт академияси балансига бепул ўтказсин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                            И. КАРИМОВ

 

Тошкент ш.,
2005 йил 19 июль,
ПФ-3629-сон

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА» 2005  ЙИЛ 19 ИЮЛДАГИ ПФ-3629-СОН ФАРМОНИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ҲАҚИДА
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 28-29-сон, 211-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент тиббиёт академиясини ташкил этиш тўғрисида» 2005 йил 19 июлдаги ПФ-3629-сон Фармонининг бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шавкат Иброҳимович Каримов Тошкент тиббиёт академиясининг ректори этиб тайинлансин.
2. Тошкент тиббиёт академиясини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрлаш бўйича иловага мувофиқ таркибда Комиссия тузилсин.
3. Комиссия (Ф. Назиров) бир ҳафта муддатда қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унда:
Академиянинг республикадаги юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлайдиган етакчи ўқув муассасаси сифатида Академияга юкланган функциялар амалга оширилишини таъминлайдиган янги ташкилий тузилмасини шакллантиришга;
сақлаб қолинадиган бешта факультетларнинг тузилмасини шакллантиришга, кафедраларни факультетлар бўйича тақсимлашга, аъзолари кам сонли бўлган кафедралар тузилишига, уларнинг бир-бирини такрорлаши ва параллел мавжуд бўлишига йўл қўймаган ҳолда кафедралар сони, тузилмаси ва номларини белгилашга;
тугатилаётган Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтларининг бинолари, иншоотлари, бошқа мол-мулки ва активларини Академия балансига ўтказиш масалаларини ҳал этишга, факультетларни жойлаштиришга ҳамда Академиянинг моддий-техника ва ўқув базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,
2005 йил 21 июль,
164-сон

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 июлдаги 164-сон қарорига илова

 

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ТАШКИЛИЙ МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ ЛОЙИҲАСИНИ ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА КОМИССИЯ ТАРКИБИ

  Назиров Ф.Ғ. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, комиссия раиси

 

Ворисов А.К.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари (келишув бўйича)

 

Зиёев М.Қ.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари

 

Шаропов Н.Ў.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари

 

Қўчқоров Ж.А.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари

 

Болкунов В.Ф.

Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари ахборот-таҳлил департаменти бош мутахассиси

 

Усмонов Р.Ж.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари

 

Каримов Ш.И.

Тошкент тиббиёт академияси ректори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент тиббиёт академиясини ташкил этиш тўғрисида» 2005 йил 19 июлдаги ПФ–3629-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлашни ташкил этишни такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Тошкент тиббиёт академиясининг бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимларининг чекланган сони 1006 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари 103 нафар бўлган ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Тошкент тиббиёт академияси ректорига, зарурат бўлганда, Академия тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
2. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари деб ҳисоблансин:
аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлашни таъминлаш ва соғлиқни сақлаш тизими тузилмасини такомиллаштиришда қатнашиш;
илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш асосида ўқув жараёнини ташкил этишни янги мазмун билан тўлдириш;
бўлажак тиббиёт мутахассисларини ўқитишни улар даволаш амалиётининг аниқ кўникмаларини эгаллаб олиши билан биргаликда таъминлаш;
тиббиёт кадрлари тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, атроф муҳитдаги экологик ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда врачлар фаолиятида профилактика йўналишини шакллантириш;
тиббиёт кадрлари тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича республикадаги етакчи таълим муассасаси сифатида, шунингдек тиббиёт, соғлиқни сақлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича мамлакатнинг тиббиёт олий ўқув юртларини мувофиқлаштириш ва уларга методик раҳбарлик қилиш;
тиббиёт педагогика кадрларида ватанпарвар фуқаро туйғуларини, юксак профессионализм ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантирган ҳолда уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
тиббиёт кадрлари тайёрлаш бўйича Ватанимиздаги ва хориждаги илғор тажрибани ҳисобга олиш ва тизимлаштириш ҳамда уни республиканинг олий тиббиёт таълими тизимига жорий этиш.
3. Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг Урганч филиали ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг Фарғона филиали Тошкент тиббиёт академиясининг тегишли филиалларига қайта номлансин.
4. Белгилансинки, Тошкент тиббиёт академияси ҳамда тегишли равишда унинг Урганч ва Фарғона филиаллари:
Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти, Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти Урганч филиали ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти Фарғона филиалининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва тузилган шартномаларининг;
Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти, Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти Урганч филиали ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти Фарғона филиалининг балансида бўлган мол-мулкнинг ҳуқуқий ворислари ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси ректори бир ҳафта муддатда Академиянинг асосий вазифаларидан ва фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб Илмий кенгашни шакллантирсин. Илмий кенгаш мамлакатда тиббиёт соҳасида тайёрланадиган мутахассислар ва олимларнинг даражаси ва сифатини ошириш ишида етакчи тузилма сифатида Академияни ташкил этиш ва шакллантириш жараёнида ректоратга муҳим таянч бўлиши керак.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
Тошкент тиббиёт академияси ва унинг филиаллари фаолияти жорий йилда Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари ва уларнинг филиалларига ажратилган бюджет маблағлари доирасида молиялаштирилишини таъминласин;
тугатилаётган Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари ва уларнинг филиаллари профессор-ўқитувчилар таркибининг умумий сонини сақлаб қолсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф.Назиров) Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти билан биргаликда бир ой муддатда Академия уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
8. Қуйидагилар:
даволаш факультети ҳамда Олий ҳамширалик иши факультети тугатилган Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти корпусларида;
стоматология, тиббий-профилактика ва тиббий-педагогика факультетлари собиқ Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти корпусларида жойлаштирилсин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги (А.Тўхтаев) Тошкент тиббиёт академияси ҳудудлари ўртасида автобус йўналишини ташкил этсин. Йўналиш талабалар ётоқхоналарига туташиб кетган кўчалар бўйлаб ўтишини назарда тутилсин.
9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Ф.Назиров), Тошкент тиббиёт академияси (Ш.Каримов):
қабул комиссиялари фаолиятида бирор-бир таъмагирлик ва порахўрлик ҳолларини, абитуриентларнинг Академияга таниш-билишчилик ва бошқа субъектив сабаблар билан киришини истисно этиш учун қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар;
клиник базаларнинг республика ва шаҳар даволаш-профилактика ва санитария муассасаларида жойлашишини ҳисобга олган ҳолда кафедраларнинг сони, таркиби ва жойлаштирилишини бир ой муддатда мақбуллаштирсинлар, бунда уларнинг такрорланиши ва параллел мавжуд бўлиши истисно этилсин;
Тошкент тиббиёт академияси ва унинг филиаллари профессор-ўқитувчилар таркибини белгиланган тартибда танлов асосида танлаб олсинлар.
10. Тошкент шаҳар, Форобий кўчаси, 2-уй Тошкент тиббиёт академиясининг юридик манзили этиб белгилансин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                                    Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,
2005 йил 29 июл,

178-сон
Tepaga