Umumiy amaliyot shifokori

Talabalar uchun

 

Talabalar uchun


«Тасдиқлайман»
Тошкент тиббиёт академияси
ректори __________ Ш.И. Каримов
«____» ________________ 2010 й.

 

Тошкент тиббиёт академиясида талабалар
ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан
четлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

I. Умумий қоидалар
II. Талабалар ўқишини кўчириш
III. Ўқишни қайта тиклаш
IV. Талабалар сафидан четлаштириш
V. Якунловчи қоидалар

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом "Таълим тўғрисида", "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарорига мувофиқ Тошкент тиббиёт академияси (ТТА)да талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши ҳарбий кафедра ва ҳарбий тайёргарлик факультети талабаларига татбиқ этилмайди.
3. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш, одатда, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилади.
4. Талабалар сафидан четлаштириш мазкур Низомда белгиланган ҳолларда академия ректорининг буйруғи билан амалга оширилади.
5. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш қуйидагиларнинг:
Тошкент тиббиёт академияси;
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси қошидаги Талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда - Идоралараро комиссия деб юритилади) қарорлари асосида амалга оширилади.
6. Тошкент тиббиёт академияси ректорининг қарори асосида талабалар ўқишини академия доирасида олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича кўчириш ва тиклаш амалга оширилади.
7. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирликлари  қарори асосида амалга оширилади:
олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича бир вазирлик (идора) доирасида бошқа олий таълим муассасасига;
олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича турли вазирлик (идора) доирасида бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига кўчириш ва қайта тиклаш.

8. Қуйидаги ҳолларда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш Идоралараро комиссия қарори билан амалга оширилади:
хорижий давлатларнинг аккредитацияга эга бўлган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига;
бир олий таълим муассасаси доирасида ёки бир вазирлик (идора) ва турли вазирликлар (идоралар) тасарруфидаги олий таълим муассасаларига олий таълимнинг турдош бўлмаган йўналишлари (мутахассисликлари)га.
9. Олий таълимнинг турдош йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги деб юритилади) томонидан ишлаб чиқилади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.
10. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризалари мос равишда:
ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан – Тошкент тиббиёт академиясининг қабул комиссиясига;
ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар юзасидан - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этиладиган ҳудудий ишчи гуруҳларга топширилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб:
ушбу Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлигига тақдим этади;
ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.
ТТА қабул комиссияси ҳамда ҳудудий ишчи гуруҳлар талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақида келиб тушган аризалар тўғрисида белгиланган шаклда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига умумлаштирилган маълумот топширадилар.
11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабалар ўқишини кўчириш ёки тиклаш ҳақидаги аризаларни мазкур Низомда белгиланган ваколатлар доирасида шакллантириб Идоралараро комиссияга қарор қабул қилиш учун йўллайди.
12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензияга эга бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари ва бошқа мамлакатлар олий таълим муассасаларининг филиаллари (марказлар, бўлимлар, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқалар)дан ТТАга талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш тақиқланади.
13. Биринчи курсга ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш ман этилади (истисно тариқасида, талабага касаллик туфайли академик таътил берилиши мумкин).
14. Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари (мутахассислиги) бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар аризасига кўра муайян таълим йўналиши (мутахассислик)да ТТАга тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
15. Бошқа барча ҳолларда ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
16. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги аризага талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари илова этилади.
17. Талабаларнинг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашни расмийлаштиришда ТТА ректори белгиланган тартибда ўқув режалари ва дастурлардаги мавжуд академик қарзларни ёки фарқларни (умумкасбий ва ихтисослик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошмаслиги лозим) топшириш тартиби ва муддатларини (икки ойдан ортиқ бўлмаган), ўқитиш курси ҳамда ўқишга қабул қилишнинг бошқа шартларини белгилайди.

18. Талабаларнинг ўқишини шартли равишда кўчириш ёки қайта тиклаш тақиқланади.
19. Давлат олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш жараёни бепул амалга оширилади.
20. Тўлов-контракт асосида талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда тўлов-контрактни тузиш тартиби ва шартлари, жумладан, тўлов маблағлари ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

II. ТАЛАБАЛАР ЎҚИШИНИ КЎЧИРИШ

21. Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини ўз таълим йўналишидан бошқа турдош бўлмаган таълим йўналишига кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
22. Ўқишни кўчириш ёки қайта тиклаш ҳақидаги ариза бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши лозим.
Ариза кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган тақдирда ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳолатлар бўйича ТТА ректори тегишли қарор қабул қилади;
ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссия ТТАга белгиланган шаклда хат йўллайди.
Тегишли вазирлик (идора) ёки Идоралараро комиссиянинг хати асосида ТТА ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу олий таълим муассасаси томонидан талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасига унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.
Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган ТТАга жўнатилади.
Олий таълим муассасасида талабанинг академик маълумотномаси, рейтинг дафтарчаси, ўқув карточкаси, шунингдек жўнатилаётган ҳужжатлар рўйхатининг нусхаси қолдирилади.
ТТА ректорининг талабани талабалар сафига қабул қилиш тўғрисидаги буйруғи талаба илгари таълим олган олий таълим муассасасидан унинг шахсий йиғма жилди олиниб, курсдан-курга ўтиш буйруқлари, ўқув режаларидаги фарқлар асосида ўқув курси аниқланиб академик фарқлар бартараф этилгандан сўнг, тўлов-контракт шартлари бажарилгандан кейин  10 кун муддатда чиқарилади.
Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш), талабани ўқишга қабул қилиш, олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома олингандан сўнг амалга оширилади.
23. Олий таълим муассасасида юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар ўқишини кўчириш ушбу юридик шахснинг розилиги билан амалга оширилади.

 

III. ЎҚИШНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ

24. Ўқишга қайта тиклаш ҳақидаги ариза бир ой муддатда кўриб чиқилади.
25. Қуйидаги ҳолларда талабаликка қайта тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсга рад жавоби берилиши мумкин:
ТТАда таълим олувчилар сони доирасида бўш ўринлар мавжуд бўлмаганлиги;
шахснинг академик қарздорлиги ҳамда тегишли мутахассислик бўйича зарур билимларни ўзлаштиришига тўсқинлик қилиш даражасидаги ўқув режалари ва дастурларида фарқ мавжуд бўлганлиги;
талаба шахсини тасдиқловчи хужжатларни тақдим этмаганлиги;
ТТА қайта тиклаш хайъати томонидан ўтказиладиган сухбатда талабанинг етарли билим даражасини кўрсата олмаганлиги;
тўлов-контракт шартнома бажара олиш имкониятларининг чекланганлиги  ТТА ички-тартиб қоидаларини қўпол равишда бузгарлиги;
2 ва ундан ортиқ маротаба қайта тикланганлиги (мазкур Низомнинг 17-банди).
26. Барча ўқув шакллари бўйича талабалар сафига қайта тиклаш тўлов-контракт асосида мазкур Низом талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Давлат грантлари бўйича таълим олган етимлар, I ва II гуруҳ ногиронлар, шунингдек муддатли ҳарбий хизматни ўтаган (захирага бўшаган кунларидан бошлаб уч йил мобайнида), академик таътилдан қайтган шахслар истисно тариқасида, ўқишга давлат грантлари ўринларига қайта тикланиши мумкин.
27. Ўқишдан четлаштирилган ўқув йилида талабани ўқишга қайта тиклашга йўл қўйилмайди.
28. Талабани бошқа олий таълим муассасасига ўқишга қайта тиклашда унинг илгари таълим олган олий таълим муассасаси розилиги талаб этилмайди.
29. Ўқишдан четлатилгандан кейин 5 йилдан ортиқ муддат (ҳарбий хизматда бўлганлик, уч ёшгача бўлган болаларни парвариш қилиш билан боғлиқ меҳнат таътили ҳамда соғлиқни қайта тиклаш вақтлари ушбу муддатга кирмайди) ўтган ҳолларда талабалар ўқишини қайта тиклаш Идоралараро комиссиянинг рухсати билан амалга оширилади.

 

IV. ТАЛАБАЛАР САФИДАН ЧЕТЛАШТИРИШ

30. Талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:
а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) академик ўзлаштира олмаганлиги (академик қарздорлиги) учун;
д) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
е) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
ж) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
з) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
и) вафот этганлиги сабабли.
Ҳарбий хизматни ўташ, саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек болаларни парвариш қилиш таътиллари даврида талабага Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида академик таътил берилиши мумкин.
31. ТТА маъмурияти ташаббуси билан талабаларни ўқишдан четлаштириш талабалар касаба уюшмасининг ёзма розилигини инобатга олган ҳолда (касаба уюшмаси аъзоси бўлган талабалар учун) амалга оширилади. Шунингдек, талаба мазкур Низомнинг 30-банди "д" кичик бандига кўра четлаштирилаётган ҳолда, таълим муассасасининг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти билан ҳам келишилиши мумкин.
32. Талаба ТТАдан четлаштирилганда, унга шахсий ҳужжатлари, белгиланган шаклдаги академик маълумотнома топширилади ва уларнинг нусхаси шахсий йиғма жилдга тикиб қўйилади.

 

V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

33. Талабалар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш жараёнида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳужжатлар аниқланган ҳолларда ТТА ректори мазкур ҳужжатларни текшириш ва буйруқ чиқармаслик ҳуқуқига эга.
34. ТТАга ўқишини кўчирган ёки қайта тиклаган талабаларнинг шахсий йиғма жилдига тегишли буйруқдан кўчирма, ариза ва академик маълумотнома тикиб қўйилади.
35. ТТА ҳар йили Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига зарур миқдордаги академик маълумотнома бланкаларига буюртмалар беради.
Академик маълумотнома бланкларининг қатъий ҳисоби юритилади.
Академик маълумотнома бланкаларининг ТТАда сақланиши, рўйхатга олиниши ва берилиши белгиланган тартибда амалга оширилади.
36. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва уларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик ТТАга юкланади.
Зарурат бўлганда ректор ҳужжатларни юборган олий таълим муассасаларидан расмий хат билан маълумотлар тўғрилигини тасдиқлашни сўраши мумкин.
37. Олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш ва тиклашига асос бўлган барча ҳужжатлар ваколат доираси бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар, шунингдек ТТАда 3 йил давомида сақланиши лозим.
38. Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тўғрисидаги қарорлардан норози бўлганлар белгиланган тартибда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
39. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 24-25-сон, 195-модда.

 

КИРИТИЛДИ:

Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи                                   Азизова Ф.Х.

КЕЛИШИЛДИ:

Ўқув ишлари бўйича проректор                                       Тешаев О.Р.

 

 

Tepaga