Давлат имтихонлари

Тошкент тиббиёт академияси битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тўғрисида маълумот

I. Умумий қоидалар

  1. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Қонунларига мувофиқ Тошкент тиббиёт академияси (келгусида: академия) битирувчиларининг Якуний Давлат аттестацияси (келгусида: Давлат аттестацияси) мазкур Низомга асосан ўтказилади.
  2. Битирувчиларнинг Давлат аттестацияси, Давлат намунасига (Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 2 июндаги 282-сонли “1999-2000 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги Қарори) мувофиқ диплом бериш билан якунланади.
  3. Давлат аттестацияси ҳар бир таълим йўналиши (мутахассислиги) бўйича ташкил этиладиган давлат комиссиялари томонидан амалга оширилади ва у “Давлат аттестацияси комиссияси” деб аталади.
  4. Давлат аттестацияси комиссиялари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги Низомга, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги меъёрий ҳужжатларига, мазкур Низомга ҳамда тегишли таълим йўналишлари Давлат таълим стандартдарида белгиланган минимум малака талабларига таянган ҳолда олиб боради.
  5. Давлат аттестацияси комиссиясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
  • битирувчининг тайёргарлик даражасини ва ҳолатини давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ келишини комлекс баҳолаш;
  • якуний Давлат комиссияси натижалари бўйича малака бериш ва битирувчиларга олий таълим тўғрисидаги тегишли диплом бериш масаласини ҳал этиш;
  • Давлат аттестацияси натижаларига кўра тегишли таълим йўналишларида ўқув жраёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

II. Якуний Давлат аттестацияси

  1. Битирувчининг Давлат аттестацияси қуйидаги кўринишдаги бир ёки бир нечта аттестация синовларидан иборатдир:
  • ижтимоий фанлар бўйича якуний аттестация синови;
  • таълим йўналишлари бўйича фанлараро (интеграл) якуний аттестация синови.
  1. Ижтимоий фанлар бўйича якуний аттестация синови ўқув дастурида назарда тутилган материалларни талаба томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлаб бериши ва мазкур фаннинг мувофиқ давлат таълим стандартида белгиланган минимал мазмунини қамраб олган бўлиши керак.
  2. Таълим йўналишлари бўйича фанлараро давлат аттестацияси синови айрим фанлар мазмунига қўйиладиган талаблар билан бир қаторда, мазкур йўналиш (мутахассислик) бўйича Давлат таълим стандарти битирувчисига нисбатан назарда тутилган умумий талабларни ҳам ҳисобга олиши керак. Давлат аттестациясига киритилган аттестация синовлари ўзлаштиришнинг жорий, оралиқ ёки якуний бахолари асосида тайёргарлик даражасини баҳолаш билан алмаштирилиши мумкин эмас.
  3. Ўқув йили учун аттестация синовларининг дастурлари Давлат аттестация комиссияларининг раислари иштирокида муҳокама қилинади ва академи Илмий Кенгаши томонидан тасдиқланади. Давлат аттестация синовларини ўтказиш муддати ва тартибини академия Илмий Кенгаши белгилайди.

III. Давлат аттестацияси комиссияларининг тузилиши.

  1. Давлат аттестация комиссиялари мустақил бўлган аттестация комиссияларидан ташкил топади:
  • ижтимоий фанлар бўйича якуний аттестация синовларини қабул қилиш;
  • таълим йўналишлари (мутахасисилик) бўйича фанлараро якуний аттестация синовларини қабул қилиш.
  1. Давлат аттестация комиссиясини раис бошқаради. Аттестация комиссияларининг раислари ҳар йили маълум бир муайян тур бўйича алоҳида, ушбу ўқув юртида ишламаётган, ишлаб чиқаришнинг етакчи мутахассислари ва олимлар таркибидан олий ўқув юрти ректорининг таклифи бўйича Ўзбекистон республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади. Ижтимоий фанлар бўйича аттестация комиссияларини раиси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тайинланади.
  2. Давлат аттестация комиссиялари мутахассис чиқарувчи тиббиёт олий ўқув юртининг раҳбарияти ҳамда илмий-педагогик кадрлар таркибидан (аттестация комиссияси умумий таркибининг 50% гача) ва бошқа муассасалардан таклиф этиладиган шахслар: мазкур соҳа кадрларини истеъмолчилари бўлмиш корхона, ташкилот ва муассасаларнинг тажрибали мутахассислари, турдош олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчи ҳамда илмий ходимлари, мувофиқ соҳалар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси тизимидаги олимлардан шакллантирилади.

Синов турлари бўйича Давлат аттестацияси комиссиясининг шахсий таркиби олий ўқув юртлари ректори томонидан битирув семестри тугашидан бир ой олдин тасдиқланади.

IV. Якуний Давлат аттестациясини ўтказиш тартиби.

  1. Давлат аттестацияси синовларини ўтказиш шакли ва тартиби академия Илмий Кенгаши томонидан белгиланади ва якуний Давлат аттестацияси бошланишидан олти ой аввал талабалар эътиборига етказилади. Талабалар дастурлар билан таъминланадилар ҳамда уларга тегишли тайёргарлик кўриш учун шароит яратилади, аттестациядан бир ой илгари консультациялар ташкил этилади.
  2. Давлат аттестация синовларига таълим йўналиши бўйича ўқув режа ва фан дастурларини тўлиқ тугатган ҳамда ўқув режасида назарда тутилган барча синовлардан муваффақиятли ўтган шахслар қўйилади.
  3. Давлат аттестацияси синовлари давлат аттестация комиссияларининг очиқ мажлисларида, аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этган ҳолда ўтказилади.
  4. Мутахассислик бўйича Давлат аттестацияси 2 босқичда ўтказилади:
  • 1-босқич – талабаларнинг назарий билимларини интеграллашган тест усулида назорат қилиш;
  • 2-босқич – талабаларнинг амалий тайёргарлиги ва кўникмаларини объектив тизимлаштирилган клиник имтихон (ОСКИ) усулида назорат қилиш.

Тиббий педагогика факультети битирувчилари яна бир ихтисослик фани, яъни “Дарс бериш услуби ва педагогик технологиялар” фанидан тест синовлари топширишади.

Ҳар бир босқичда 55% дан кам балл тўплаган талаба кейинги босқич синовларига киритилмайди ва Давлат аттестациясидан ўтмаган деб эътироф этилади.

Тест синови тегишли таълим йўналишлари Давлат таълим стандарти ва ўқув режасида кўрсатилган барча ихтисослик фанлардан интеграллашган аттестация шаклида ўтказилади.

Талабалар билимини баҳолашда қуйидаги ҳисоблаш шкаласи жорий этилади:

  • 86-100 фоиз тўғри жавобга “аъло”,
  • 71-85,9 фоиз тўғри жавобга “яхши”,
  • 55-70,9 фоиз тўғри жавобга “қониқарли” баҳо.

Давлат аттестациясининг 2-босқичи ўқув режасида кўрсатилган барча ихтисослик фанлардан таълим йўналишлари хусусиятини инобатга олган ҳолда ситуацион масалалар, амалий кўникмалар ёки беморлар курацияси шаклларини намойиш этган ОСКИ кўринишида ўтказилади.

Битирувчиларнинг мутахассислик фанлари бўйича якуний баҳоси ҳар бир босқичдан олган балларининг қуйидаги нисбатларида қабул қилинади:

а) таълим йўналишининг ўқув режасидаги барча фанлардан олган балларининг ўртача арифметик қийматидан 20% (0,2 коэффициент);

б) 1-босқич, тест синови – 20% (0,2 коэффициент);

в) 2-босқич, ОСКИ – 60% (0,6 коэффициент).

“Ўзбекистон тарихи ва миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” фани бўйича Давлат аттестацияси Низом талабларига кўра тест, ёзма, оғзаки имтихон ёки бошқа кўринишларда ўтказилиши Илмий кенгаш қарорига асосан белгиланади.

Давлат аттестациясига киритилган барча турдаги аттестация синовлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ аниқланади ҳамда Давлат аттестацияси комиссиясининг мажлис баёни белгиланган тартибда расмийлаштирилганидан сўнг шу куннинг ўзида эълон қилинади.

  1. Давлат аттестация комиссияси битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси синовлари натижалари асосида уларга таълим йўналиши (мутахассислик) бўйича бакалавр даражаси бериш ҳақида қарор қабул қилади ва унга мувофиқ даража ва олий маълумот тўғрисидаги диплом берилади.
  2. Ўқув дастурларини ўзлаштиришда катта ютуқларга эришган ва ўқув режадаги фанларнинг камида ¾ қисми бўйича 86% дан юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган, ҳамда якуний аттестация синовлари бўйича ўзлаштириш кўрсаткичлари 86% (аъло) ва ундан юқори бўлган битирувчига академия Илмий кенгаши қарори билан “имтиёзли” диплом берилади. “Имтиёзли” диплом беришнинг аниқ шартлари академия Илмий Кенгаши томонидан белгиланади.

Давлат аттестация комиссияларининг қарорлари ёпиқ мажлисларда, очиқ овоз бериш йўли билан, мажлисда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан ҳал қилувчи ҳисобланади.

  1. Давлат аттестацияси синовларидан (аттестация синовлари турларининг бири бўйича) ўта олмаган битирувчи ўқиш муддати тугагандан сўнг, уч йил ичида ўз аризасига мувофиқ тегишли синовларни (якуний давлат аттестацияси синовларининг ҳар бир тури бўйича бир марта) қайта топшириш хуқуқига эга.

Муддатли ҳарбий хизматда бўлган вақт, уч ёшга тўлгунга қадар фарзандини парваришлаш учун белгиланган таътил вақти мазкур уч йиллик муддатга кирмайди.

Давлат аттестацияси синовларидан иккинчи марта ҳам ўта олмаган ёки уч йил ичида Давлат аттестацияси синовларини қайта топшириш учун мурожаат қилмаган битирувчига синовларни қайта топшириш учун рухсат бериш масаласи унинг аризасига мувофиқ вазирлик томонидан ҳал этилади.

  1. Давлат аттестацияси синовларидан (аттестация синовлари турларининг бири бўйича) ўта олмаган битирувчига академик маълумотнома берилади ва у ўрнатилган тартибда тўлов-контракт асосида тегишли курсга ўқиш учун қайта тикланиши мумкин.
  2. Узрли сабаб билан якуний давлат аттестацияси синовларига келмаган талабалар ректорнинг буйруғи билан якуний давлат аттестация комиссиясининг иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган якуний давлат аттестацияси синовларига киритилиши мумкин.
  3. Якуний давлат аттестацияси синовларида олган баҳосига эътироз билдирган битирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун ректор буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.
  4. Якуний давлат аттестацияси жараёнида қўйилган баҳодан норози бўлган битирувчилар якуний давлат аттестацияси баҳолари эълон қилинган кундан эътиборан уч кун муддат ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
  5. Апелляция комиссияси ўз хулосасини битирувчига бир кун муддат ичида маълум қилиши лозим.
  6. Якуний давлат аттестацияси комиссиясининг иши бўйича йиллик ҳисобот олий таълим муассасаси Илмий кенгашида кўриб чиқилади. Мазкур Илмий кенгашга якуний давлат аттестацияси комиссиялари раислари таклиф қилинади.

Translate: Eng Рус