Даволаш факультети 6-курс талабалари иштирокида донорлик куни бўлиб ўтди

Донорлик – беморларга ёрдам беришнинг, инсонларга яхшилик қилишнинг оддий усули. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир.

Шу сабабли, бугун (04.10.2017й) Республика қон қуйиш маркази ва Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти вакиллари бошчилигида Тошкент тиббиёт академиясининг Даволаш факультети 6-курс талабалари орасида  “Донорлик куни” ташкил қилинди. Ушбу хайрли ишда қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган барча талабалар сидқидилдан фаол иштирок этиб, донор сифатида қон топширишди.

Мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Қон қуйиб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, давлат қон захирасини бойитиш, инсонларни доимий беғараз донорликка жалб этиш, ёшларни раҳмдиллик ва инсонийлик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Донор қони мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғруқ жараёнларида, жигар ва онкологик касалликларда, ўткир қон кетишида, оғир тан жароҳатларида, камқонликда, лейкемияларда (оқ қон), қуйиш ва бошқа кўпгина ҳолатларда ишлатилади. Донор қони, айниқса, фавқулодда вазиятларда, режали жарроҳлик амалиётларида қўл келади.

Маълумот учун: 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограммдан ошиқ вазнга эга, айни пайтда ўткир юқумли касалликларга чалинмаган ҳамда хавли парентерал юқумли касалликлар (ОИТВ, Геп-Б, Геп-С ва бошқалар) ўтказмаган Ўзбекистон фуқаролари донор бўлиши мумкин. Бунинг учун аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши керак. Ана шу талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин. Донорлар орасида эркаклар аёлларга нисбатан кўпчиликни ташкил қилади. Республика қон қуйиш марказидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йил 93 минг, 2017 йил 150 мингга яқин одам қон донори бўлган.

Донор сифатида иштирок этган барча талабаларимизга чин дилдан миннатдорчилик билдириб қоламиз.

Даволаш факультети деканати


Фотолавҳалар:

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan