Тошкент тиббиёт академияси ректорининг битирувчи талабалар, магистрлар ва клиник ординаторларга мурожаати

2020 йил 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев яна бир бор халқимизга мурожаат қилди.  Президент ўз мурожаатида талаба ва ўқувчи-ёшларга ҳам тўхталди:

“Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”.

Хақиқатдан ҳам бугун бизнинг талабаларимиз масофада тахсил олмоқдалар. Тиббиёт олийгохларни якунловчи талаба, магистр ва клиник ординаторлар эса нафақат билимга эга бўлиши, балки ҳозирги эпидемиологик вазиятда амалий тиббиётга ўз хиссасини қўшиши керакдир.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 2020 йил 31 мартдаги 14-сон йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 31 мартдаги 97-сонли буйруғига асосан тиббиёт академияси бакалавриатининг “Даволаш иши”, “Касб таълими (даволаш иши)” ва “Тиббий профилактика иши” таълим йўналишларининг, шунингдек, магистратура ва клиник ординатура (резидентура)  битирувчиларини мос равишда ишлаш учун 2020 йил 20 апрелидан тиббиёт муассасаларига юборилиши, шунингдек, 2020 йил 20 апрелгача ишга тақсимлаш ва ишга жойлаштириш бўйича шартномалар тузилиши, битирувчиларни мутахассислигига мос равишда ишга жойлашиши, якуний Давлат аттестацияларини онлайн шаклда 2020 йил 10 апрелидан 2020 йил 20 апрелига қадар ўтказилиши, битирувчи курс талабаларининг тўлов-контракт тўловлари ва стипендиялари апрел ойи учун тўлиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Юқоридаги маълумотларни инобатга олиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекциясини кенг тарқалиб кетишини олдини олиш мақсадида жонбозлик кўрсатиб, шарафли шифокорлик бурчингизни оқлаб, халқимиз олдида турган синовда ўзингизни муносиб эканлигингизни кўрсатиб, бажаралиётган ишларга бўлғуси мутахассис сифатида тўғри ёндашасизлар деб ўйлайман. Олдингизга қўйилаётган вазифаларни, яъни давлат имтихонлари онлайн ўтказилишида адолат билан ўз вақтида мувафақиятли топширишни, белгиланган муассасаларда мутахассислигингиз бўйича халқимизга сифатли тиббий ёрдамни кўрсатишни виждонан бажаришингизни сўрайман.

 Тошкент тиббиёт академияси ректори Л.Н.Туйчиев

One Reply to “Тошкент тиббиёт академияси ректорининг битирувчи талабалар, магистрлар ва клиник ординаторларга мурожаати”

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan