Қисқача тарих

Туркистон давлат университети, тиббиёт факультути
(19191931 йй)

13 апрель 1919 йили Туркистон давлат университети таркибида тиббиёт факультетини очишга қарор қилинди.

17 сентябрь 1919 йили Туркистон давлат университетининг биринчи илмий кенгашида янги ташкил этилган тиббиёт декани этиб профессор П.П.Ситновский сайланди.

1920 йилнинг 7 сентябрида Туркистонда дорилфунун таъсис қилиш ҳақидаги декретга қўл қўйилди. Дорилфунун таркибига тиббий факультет ҳам киритилгна эди. 1921 йилдан бошлаб тиббий факультет врач тайёрлаб чиқара бошлади.

1919-1921 йиллар факультетнинг ташкилий даври бўлиб, факультетнинг моддий базаси яратилди.

Кейинги даврларда факультетга проф. К.Г.Хрущев (1921-1924) ва М.И.Слоним (1924-1926)лар раҳбарлик қилди. Ушбу даврларда факультетнинг моддий техник базаси анча яхшиланиб, клиник кафедраларда дарслар ўтиш такомиллашиб борди. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида илмий-педагоглар таркиби ишга янги таклиф этилган проф.Н.И.Рагоза (ички ва юқумли касалликлар), А.Н.Мурзин (кўз касалликлари), И.С.Мильман (тери ва таносил касалликлари), Н.И.Осиновский (болалар касалликлари), С.А.Молчанов (рентгенологик), Г.Н.Терехов (патологик анатомия), Г.И.Ильин (оператив жарроҳлик), С.Э.Циммерман (нормал.анатомия), М.С.Астров (факультет жарроҳлиги), Д.А.Введенский (урология). 1922 йили 27 талаба тиббиёт факультетни тамомлаган.

1923 йили тиббиёт факультетида 973та талаба таҳсил олган бўлса уларнинг кўпчилигини (425) қизлар ташкил этган эди.

Факультетнинг ривожланишига факультет деканлари П.Ф.Боровский (1926-1928), Н.И.Рагоза (1928-1929) ҳамда Г.П.Федоров (1929-1931) ўзларининг катта ҳиссларини қўшди.

Тошкент Давлат тиббиёт институти
(19311990 йй.)

1931 йили тиббиёт факультети мустақил тиббиёт институтига айлантирилди. 1931 йили унинг биринчи директори этиб Г.П.Федоров тайинланди, шу йилнинг охирига келиб тиббиёт факультети декани бўлиб ишлаган Х.У.Умаров институт директори этиб тайинланди.

1932 йилга келиб 177 та ўқитувчи, шундан 25 та профессор 26 та доцент 104 ассистент 1099 та талабага таҳсил берар эди.

1932 йилдан 1936 йилгача институтга Б.Саттаров ректорлик қилди.

1935 йилда Ўрта Осиё тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт институти деб номланди.

1937 йилга келиб институтда 1400 та талаба таҳсил олган.

1938 йили институтга ректор этиб М.У.Мирсагатов тайинланди. Ушбу даврга келиб Республика раҳбарияти институтга катта маблағ ажратиб, кўпгина янги клиникалар (экспериментал бино, юқумли касалликлар, онкология, протез ортопедия) қурилиб, мавжудлари катта мукаммал таъмирдан чиқарилди. Институт майдони янги қурилган бинолар, клиникалар ҳисобига 2 баробарга кенгайди.

1940 йили институтга ректор этиб Б.И.Берлинер, 1941 йили Р.И.Пўлатов тайинланди.

1941-1945 йиллари Улуғ Ватан уруши даврида институт майдонида 10 дан ортиқ эвакогоспиталлар очилди ва айрим профессор-ўқитувчилар фронтга жўнаб кетишди. Улар орасида Д.А.Введенский, Л.Д.Василенко, А.М.Геллер, Б.А.Стекольников ва бошқалар.

1944 йили институтга Я.К.Мўминов ректор этиб тайинланди.

Уруш йилларида Тошкент Давлат тиббиёт институтида 2122 врач тайёрланган бўлса улардан 1630 таси фронтга кетишди. Улар орасида М.А.Ашрапова, М.Мухаррамова, С.А.Файзиев, Н.К.Ахмедов, М.Акмалов, У.Умаров, В.С.Карухина, Л.И.Васковская, Л.Е.Стургацкая, С.А.Допимов, Ф.Ф.Амиров, Н.Д.Махсумов, Н.А.Канбулин ва бошқалар бор эди.

ТошДавТИнинг тарихига урушда ҳалок бўлган А.А.Айрапетов, Р.Л.Аминов, А.Ю.Гулқоров, Г.Д.Муханов, В.И.Мажитов, Р.С.Орипов, Н.Г.Ращенко, З.С.Ржевсий, У.З.Умарова ва У.Хикматхўжаевларнинг хотираси зарҳал ҳарфлар билан битилган.

1945 йил институтга Ҳ.З.Зохидов ректор этиб тайинланди. Урушдан кейин институтда ўқиш 6 йил қилиб белгиланди. Бу даврга келиб профессор-ўқитувчилар томонидан янги ўқув дастурлари яратилди. Институт янги махсус тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди.

1945-1946 йили факультетларда жами 2752 талаба таҳсил олган бўлса, шулардан 600 таси институтга янги қабулқилинган 1 курс талабалари эди. Институда дарслар ўзбек, рус тилларида олиб борилар эди.

1947 йили институтга Я.Ҳ.Тўрақулов тайинланди. Институт ушбу йилларда тиббиётнинг 12та катта муаммолар бўйича мақсадли илмий йўналишларда илмий изланишлар олиб борган эди.

ТашДавТИга 1950 йили А.Ғ.Ғуломов ректор этиб тайинланди ва у 15 йил давомида 1965 йилгача институтни бошқарди.

1945-1953 йилларда талабалар контингенти 2752 тадан 3158 тагача кўпайди.

1954 йили институтда стоматология факультети қайтадан очилди.

1960 йилларнинг ўртасига келиб, институтда 57 та фан доктори, 18 та Республикада хизмат кўрсатган фан арбоблари, 13та хизмат кўрсатган врач, 2 та Ўзбекистон фанлар Академиясининг муҳбир аъзоси (А.А.Асқаров, Н.И.Исмоилов) ва 2 та собиқ СССР тиббиёт фанлари академияси муҳбир аъзолари (З.И.Умидов, Э.И.Атаханов) фаолият кўрсатган. 57 нафар профессордан 22 таси ўзбеклар эди.

1962 йилдан институтда Осиё, Африка, Лотин Америка давлатларидан талабалар ўқий бошлади.

1960-1967 йиллар институтда кечки даволаш факультети фаолият кўрсатди.1961 йилда 4000 та талабадан 2395 таси туб миллат қизлари эди.

1965 сентябрида институтга академик К.А.Зуфаров ректор этиб тайинланди.

1971 йили академик К.А.Зуфаров ўлка тиббиёти илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланиши муносабати билан институтга академик У.А.Арипов ректор этиб тайинланди ва 1984 йилгача институтга раҳбарлик қилди.

1972 йилда институтнинг 2 та даволаш, педиатрия, санитария-гигиена, стоматология факультетиларида 10 мингдан ортиқ талаба таълим олган бўлса, шу йили 1 – курсга 1500 та талаба қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг ярим аҳолисини болалар ташкил этганлигини инобатга олиб 1972 йили мустақил Ўрта Осиё педиатрия институти, кейинчалик Тошкент педиатрия тиббиёт институти ташкил этилди ва ТошДавТИ педиатрия факультети талабалари янги ташкил этилган институтга ўтказилди.

ТошДавТИга 1961 йилда хорижий давлатлардан 22 та талаба қабул қилинган бўлса 1980 йилларга келиб уларнинг сони 170 тадан ошиб кетди. Бу институтнинг халқаро миқёсидаги обрўйини ошганлигини кўрсатади.

1980 йиллирнинг охирига келиб институтда профессор-ўқитувчиларнинг сони 1042 тани, шу жумладан 6 та академиклар, 24 та Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач, 90 та тиббиёт фанлари докторлари, профессорлар, 207 тиббиёт фанлари номзодлари, доцентлар талабаларга таълим-тарбия беришган эди.

Ушбу даврда институтдаги ўқув, ўқув – услубий, илмий, давлат ишлари ва халқаро алоқалар янада яхшиланди. Институт Венгрия, Германия, Польша ва Россиянинг етакчи тиббиёт институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. 1984 йили институтга ректор этиб профессор О.С.Махмудов тайинланди. 1987 йили сайлов асосида профессор Н.Х.Шомирзаев ректор этиб тайинланди. Ушбу йилларда институтда талабалар Россия ва Украинанинг етакчи тиббиёт институтларига ҳам қабул қилина бошланди. 2 йил ичида унинг сони 2000 талабадан ошиб кетди.

Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтлари

1990 йилга келиб бир неча ўқув базаларида жойлашган катта институтни бошқаришда туғилган қийинчиликларни эътиборга олиб институтни иккига – биринчи ва иккинчи тиббиёт институтларига ажратиш бўйича 1990 йил 23 майда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг қарори қабул қилинди.

Институт иккига ажратилгандан сўнг, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори этиб Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги профессор Т.А.Даминов, Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти ректори этиб профессор Х.Ё.Каримов тайинланди.

Дастлаб, Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтида икки факультет – даволаш ва стоматология факультетлари, Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтида даволаш ва санитария-гигиена факультетлари мавжуд эди.

Филиаллар ва малака ошириш маркази

1992 йил март ойида Урганч шаҳрида Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институтининг филиали очилди. 1992 йили март ойида Фарғона шаҳрида Фарғона давлат университети қошида Тиббиёт маркази очилди (санитария –гигиена факультети) кейинчалик ушбу марказ Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институти филиалига айлантирилди. Биринчи Тошкент давлат тиббиёт институти қошида янги, ўқитувчиларни малакасини ошириш  факультети ташкил этилди.  Кейинчалик  ушбу факультет ўрнига 1998 йилда тиббиёт олий ўқув юртлари ўқитувчилари малакасинин ошириш Маркази ташкил этилди. Иккала институтда ҳам 1998 йилдан  умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш дастурига ўтилди. 2000 йилда юқори малакали илмий педагогик кадрларни ҳамда мутахассис шифокорларни тайёрлаш учун  уларда магистратура очилди.

Тошкент тиббиёт академияси

Тошкент тиббиёт академияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 19 июлдаги ПФ-3629 сонли фармони асосида тугатилган Биринчи ва Иккинчи Тошкент давлат тиббиёт институтларининг негизида юқори малакали тиббиёт ходимларини тайёрлаш сифатини ошириш ва ташкил этишни такомиллаштириш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий талабларига жавоб берадиган зарурий ўқув ва моддий-техник базани яратиш, уни прогрессив таълим технологияларини киритиш асосида янги мазмун билан бойитиш, бўлғуси мутахассислар ўқитилишини тиббиёт амалиётининг муайян кўникмалари билан бирга эгаллашини боғлаш мақсадида ташкил этилди.

Translate: English, Russian