“ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЕТАКЛОВЧИ ЙЎЛ” шиори остида “Энг яхши маъруза” номинацияси бўйича кўрик танлов ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни мамлакатимиз Парламентига Мурожаатнома билан чиқиш қилиб, йил номига “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт” деб ном беришни таклиф этдилар. Ушбу самарали ислоҳотларнинг, режаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 8 февраль куни Тошкент шаҳар Ёшлар Марказида ўтказилган Тошкент тиббиёт академияси талабаларининг “Келинг ватанимизга қанот бўлайлик” мавзусидаги анъанавий IX-анжуманининг “Энг яхши маъруза” номинацияси бўйича кўрик танловида Тошкент тиббиёт академиясининг иқтидорли талабалари ҳозирги пайтдаги ислоҳотлар, давлатимиздаги ижтимоий-сиёсий жабҳалардаги ижобий ўзгаришлар бўйича ўз изланишларининг натижалари асосида тақдимот қилдилар. Танлов натижаларига кўра  “Олий маълумотли ҳамшира” факультети талабаси Қўшбоқова Сарвиноз “Ёшлар-келажак бунёдкорлари” мавзусидаги тақдимоти билан 1-ўринни, Даволаш факультетида таҳсил олаётган хорижлик талабалар Э.Жумаева ва М.Вессалилар “Мен нечун севмайин Ўзбекистонни” мавзусидаги тақдимоти билан 2-ўринни ва магистратура факультети талабаси Хабибуллаев Санжар “Ёшлар маънавиятига оммавий маданиятнинг таъсири” мавзусидаги тақдимоти билан фаҳрли 3-ўринни эгалладилар. Шунингдек, танлов давомида Тиббий педагогика факультети талабаси Гулшан Хайдарова “Келинг ватанимизга қанот бўлайлик” мавзусидаги тақдимоти билан,  Ўктамова Динара “Билимлар мўътабар китобларда эмасми” мавзусидаги тақдимоти билан, Тиббий биология факультети талабаси Сиддиқова Муслима “Истеъмол қиладиган таомингиз дори вазифасини ўтасин, дорингиз таомдан иборат бўлсин” мавзусидаги тақдимоти билан, Даволаш факультети талабаси Йўлдошев Шукуржон “Тил қудрати” мавзусидаги тақдимотлари билан иштирок этдилар. Танлов якунида ғолиблар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари ва  фаҳрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan