Шадманов Трампнинг мақтовидан кейин гидроксихлорохинни сотиб олиш масаласи кўрила бошланганини айтди

Алишер Шадманов

Ўзбекистон гидроксихлорохинни АҚШ президенти Дональд Трамп мақтагани учун сотиб олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари, ҳозирда Тошкент тиббиёт академияси ректори бўлган Алишер Шадманов ХПКнинг навбатдаги сессиясида давомида маълум қилди.

«Касаллик дастлаб аниқланган пайтларда нафақат бизда, балки ЖССТда ҳам аниқ исботланган усул бўлмаган. Касалликка қарши қандай дори воситасини қўллаш маълум эмасди. Дунёда самара берадиган дори ҳақида илмий асос йўқ эди.

Дастлаб АҚШ президенти Трамп гидроксихлорохинни мақтаб чиқди ва шу заҳоти бу дори воситасини сотиб олиш масаласи кўрила бошланди. Орқасидан фавипиравир ўрганилди, нафақат сотиб олиб, захира яратилди, балки Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бошланди.

Кейин бу йўналишдаги энг қимматбаҳо дори ремдисивир харид қилдик. Реанимацияларда оғир ҳолатда бўлган беморларни шу воситалар орқали сақлаб қолдик», деди  Шодмонов «COVID-19: Коронавирусга қарши курашда миллий тажриба» мавзусидаги сессияда.

  • Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 46-сонли йиғилиш баёнига кўра, «Dori-darmon» акциядорлик компанияси 1 млн дона гидроксихлорохин препаратини (бу ўринда «Оксивин», ишлаб чиқарувчи Ҳиндистон компанияси) Ўзбекистонга олиб кираётгани маълум қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлигига «Dori-darmon» акциядорлик компаниясига Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олдиндан пул ўтказиш йўли билан тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали шу ва бошқа дори воситаларини харид қилиш вазифаси топширилган. Мазкур қарорни қабул қилишда соғлиқни сақлаш тизимининг етакчи мутасаддилари – Э.Боситханова, Н.Парпиев, И.Ливерко, Л.Тўйчиев ва Ҳ.Оқилов кабиларнинг фикрлари инобатга олинган.

Манба: kun.uz, https://t.me/tma_official

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan