1- март Зулфияхоним таваллуд топган кун

Бугун бутун борлиққа бор тарофатини кўз кўзлаб яна баҳор ташриф буюрди. Баҳорнинг илк куни мамлакатимизда адабиёт, шеърият, назм ва наво байрами, садоқат, дўстлик, меҳнатсеварлик сингари инсоний туёғуларнинг тантанасига ҳамоҳанг тарзда нишонланиши бежиз эмас. Тошкент тиббиёт академияси талаба ёшлари  1-март санасини интиқлик билан кутдилар.

Зулфияхонимнинг бой ижодий меросини чуқур ўрганиш, шоиранинг она ватанни мадҳ этувчи юзлаб нодир назмий асарлари, вофо ва садоқатни тараннум этувчи шеър ва ғазалларини талаба ёшлар қалбига кўчириш учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилиб, талабалар турар жойларида адиба ижодига бағишланган турли танлов, мушоира, шеърият кечалари ҳам ўтказилди.

Дарслар ва амалий машғулотлардан ортиб, махсус тўгаракларда тайёрланган байрам сценарийси бугун эрта тонгдан адиблар ҳиёбонига жам бўлган шеърият ва адабиёт ихлосмандларини бефарқ қолдирмади. Боиси, бўлажак шифокорлар севимли шоирларимиз Зулфия ва Ҳамид Олимжон образларини таъсирли қилиб гавдалантириб бера олиш билан бирга, санъат ва адабиётнинг тиббиёт илми билан ҳамоҳанг жиҳатлари, инсон саломатлигига хизмат қиладиган умрбоқий маънавий мерос эканлигини ўзларининг бадиий -мусиқий чиқишлари орқали намойиш эта олдилар. Тадбирда Зулфияхоним ижодининг мухлислари, шоиранинг қариндошлари, яқин ёру дўстлари ва шогирдлари ҳам иштирок этдилар. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигидаги тадбирда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ёшлари ва Тошкент тиббиёт академияси қошидаги адабий тўгарак иштирокчилари томонидан Зулфия ва Ҳамид Олимжон қаламига мансуб шеърлар янгради. Иқтидорли талабалар Зулфия хотирасига бағишлаб адиба асарларининг 41 номдаги асарлари номини шеърга солдилар.

Бу эса бўлажак шифокорлар орасида Зулфия сингари шеър ёзишни хавас қилган қизлар сони ортиб бораётганлигини билдиради.

Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan