ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИ ПРОФЕССОР АЛИШЕР ШАДМОНОВНИНГ 8-МАРТ БАЙРАМ ТАБРИГИ…

Alisher Shadmanov

ТОШКЕНТ ТИББИЁТ АКАДЕМИЯСИ РЕКТОРИ ПРОФЕССОР АЛИШЕР ШАДМОНОВНИНГ 8-МАРТ БАЙРАМ ТАБРИГИ

Муҳтарама аёллар, мунис, мўътабар онахонлар! Тошкент тиббиёт академиясининг фахри бўлмиш зиёли опа-сингиллар, чуқур илмий тафаккури билан тиббиёт равнақига муносиб ҳисса қўшиш ниятида ўқиб, ўрганаётган, изланаётган талаба қизларим.

Сизларни яқинлашиб келаётган баҳор байрами ҳамда Халқаро хотин-қизлар куни билан чин дилдан самимий табриклайман. Баҳорнинг илк байрами 8 март барчангизга муборак бўлсин! Мен бугун кўксимда катта ифтихор билан аёллари қадр топиб, оилалар эъзозда бўлган шундай муаззам юртнинг сиздай муҳтарамаларига самимий тилакларимни билдираётганимдан мамнунман.

Аёл деганда кўз ўнгимизда энг аввало меҳридарё Оналаримизнинг мунис сиймоси гавдаланади. Оналарнинг қадр-қиммати сира миннат билмас бағрикенглиги ва олийжаноблиги билан ўлчанади.

Кичиккина жуссасида олам ташвишини кўтариб юрсада, юзидан табассуми аримаган, фарзандлари бахту камолини ҳар қандай неъматдан устун билган садоқат фаришталари бугун миллий тиббий таълимни жаҳон андозалари даражасига олиб чиқаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Тошкент тиббиёт академиясининг кўп минг сонли аҳил илмий педогогик жамоаси таркибида сидқидилдан меҳнат қилаётган устоз ва шогирдларимиз, магистрлар, докторантлар, профессор ва академик аёлларимиз, шунингдек, катта илмий даргоҳда узоқ йиллардан буён фаолият олиб бораётган ходималар, барча-барчангизни баҳорнинг илк  байрами билан чин дилдан қутлайман.

Ўзингиз сингари нозик қалбингиз асло дард чекмасин, кўзингизни яшнатиб камол топаётган фарзандларингиз шу элнинг ардоғи ва Яратганнинг паноҳида бўлсин. Хонадонингизни файзли кунлар шукуҳи ҳамиша безаб турсин.

Ҳурматли академиямизнинг фахри бўлмиш профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, суюкли қизларим сизларни яна бир бор баҳорнинг ўзингиз сингари латофатда тенги йўқ гўзал ва бетакрор  байрами билан чин дилимдан муборакбод этаман. Сизларга аввало оилавий хотиржамлик, ўқиш ва келгуси илмий фаолиятларингизда улкан зафарлар тилаб қоламан.

Эҳтиром билан Алишер Шадманов

Тошкент тиббиёт академияси ректори

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan