НАЖОТ ҲАМШИРАСИ….

НАЖОТ ҲАМШИРАСИ….

 

Тинчлик нима улардан сўранг,

Уруш кўрган боболаримдан.

Шукрона не, билади улар,

Сўранг, уни момоларимдан.

Кўзларига боқинг… нигоҳда,

Соғинчларнинг изтироби бор.

Йиллар ажин солган титроқда,

Сабрларнинг чизиғи бисёр.

Сўранг шулар айтади сизга,

Юртни қандай севмоқликни ҳам.

Сўранг улар айтади сизга,

Юртбузарни эгмоқликни ҳам…

 

Кўксини жасоратли меҳнатлари эвазига орттирган нишонлари безаб турган бу муниса онахонни  яхши билганлар унинг барчага ўрнак бўладиган ҳислатларини айтиб адо қилолмайдилар.

Мунислик, муштипарлик, кези келгандаги жасорат, меҳрибонлик, илм кишиларига ҳос сиполик ва чинаккам  жанг майдонида синовдан ўтган қўрқмаслик…

Анвара Муҳаррамова…яқин дўсту ёрлари, минглаб шогирдлари қалбидан ана шундай ҳислат ва фазилатлари билан бир умрга жой эгаллаган жасоратли шифокор аёл  1919 йилнинг 6-апрелида Тошкент шаҳрида,хизматчи оиласида таваллуд топган.

 

1933 йил…

Пойтахтдаги “Зебинисо” номли қизлар мактабини аъло баҳолар билан битираёт ган  ўрта бўйли қизалоқнинг қалбида ҳамшира бўлишдек, яхши ният ўйғонди. Ана шу орзу-ҳавас Анварани Й.Охунбобоев номидаги тиббиёт техникумига етаклаб борди.

Ўқиб ўрганишда ҳар доим тенгдошларига ўрнак бўлиб келган Анвара 1936 йилда тиббиёт техникумини ҳам аъло баҳолар билан тугатиб, Тошкент Давлат Тиббиёт институтига ўқишга кирди.

Бўлажак шифокор қизнинг  энг қайноқ, энг сермашаққат ординаторлик фаолияти  иккинчи жаҳон уруши бошланган  1941 йилга тўғри келди.

Тошкент Тиббиёт институтининг асаб касалликлари клиникасида энди иш бошлаган Анвара Муҳаррамова кўплаб тенгдошлари қатори 1941 йилнинг айни қиш чилласида, декабрь ойида фронтга, Улуғ Ватан урушига сафарбар қилинди.

       “13” чи фронт бригадасининг  “148” дивизияси ҳамшираси…

Анваранинг исмидан олдин жаранглайдиган шу икки рақам совуқ жанг майдони узра янграши билан  бутун бошли батальон жангчилари қўзида қувонч айланарди.

23 ЁШЛИ ҚАҲРАМОН ҚИЗ….

Марказий Украина  фронтларида олиб борилган жанговор операцияларда фаол иштирок этиб, яраланган аскарларга  кун-у тун, қўрқув нималигини билмай тиббий ёрдам кўрсатган нажоткор Анвара исмли ҳамшира қиз ўзининг шифокорлик қасамёдига садоқатини шу тарзда оддий ва камтарона меҳнати билан намоён этди. 23 ёшида эл-юрт тинчлиги ва одамлар соғлигини асраб қолишдаги меҳнатлари, фронт ўчоқларида қўрсатган матонатли жасорати туфайли Анвара Муҳаррамова кўкси 20 дан ортиқ орден ва медаллар, шон-шараф белгиларига тўлиб кетди.

Шифокорлик касбининг энг муҳим босқичи бўлмиш умумий амалиёт жараёнидек, масъулият юкни ўз юртидан олисда, ҳар лаҳзада қаршисида намоён бўлган ажал билан олишиб бўлсада кўтара олди.   Бурчига содиқ қолиб, одамлар соғлигига қалқон турди. Бемори дардини ҳар нарсадан ҳатто, жонидан ҳам устун қўйиб, енг шимариб ишлади.

Унинг урушдан кейинги қизғин меҳнат фаолияти  1964-1974 йиллар давомида Тошкент давлат Тиббиёт олийгоҳининг асаб касалликлари кафедрасида кечди. Жангоҳларда орттирган тажрибаси ва маҳоратини  илмий-педогогик  ва даволаш ишларидаги ташаббусларида давом эттирди.

Анвара Мукаррамова номи ҳанузгача ўзбек аёлларининг ёрқин бир тимсоли сифатида кўплаб мамлакатлар халқлари томонидан ҳурмат билан тилга олинади. Ҳусусан, Унинг ўша даврда Москва шаҳри мери Ю. Лушко томонидан “Москва ҳимоячиси” кўкрак нишони ва совғаси билан тақдирлангани, тинчликсевар ҳалқимизнинг дўстлик ва бродарлик анъаналарига содиқлиги белгисидир.

Одамлар ёруғ дунёга қайсидир муҳим ишни бажариш учун келиши ҳақида кўп эшитгансиз. Лекин, шундай ҳайрли ва савобли ишларга умрини баҳшида этганлар ҳаёти ҳақида жуда кам биламиз.

Бугун биз,  гарчан тиббиёт соҳасида катта илмий унвонларни қўлга киритишга улгурмаган бўлсада, шарафли инсоний бурчи билан севимли касбий масъулиятини одамлар соғлигига бағишлай олган яхши инсон умрининг бир шингилини ёдга олдик.

Баҳорда дунё юзини кўрган Анвара Муҳаррамова, умрининг 90 чи баҳорида, қир адирлар қип-қизил лолаларга бурканган  16 майда ҳаётдан кўз юмди.

Бироқ, босиб ўтган мазмунли ҳаёт йўли кўпларга ибрат, матонатли ва жасоратли ишлари қайсидир маънода ҳикмат бўлган устоз шифокор, Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, юртимиз олимлари томонидан тан олинган таниқли невролог аёл Анвара Мукаррамова ҳамон орамизда… Унинг қолган умри қалбларга кўчиб, олийжаноб фазилатлари ва чексиз меҳри  ҳар баҳор қайта-қайта очилган лолалар тимсолида    яна қайта куртак ёзаверади…

ТТА МАТБУОТ КОТИБИ ГУЛЧЕҲРА МИРЗАЕВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan