КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ЭМЛАШГА ХАЙРИХОҲЛАР ВА ҚАРШИЛАР…

КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ЭМЛАШГА ХАЙРИХОҲЛАР ВА ҚАРШИЛАР

 

Инсоният умрининг узоқлигига авваламбор уни ўраб турган атроф-муҳит, иқлим, ирсият, турмуш тарзи, ҳар хил касалликлар каби омиллар бевосита таъсир кўрсатади.

Дунёда яшаётган одамларнинг ўртача ёши ўтган асрнинг бошларида 35 ёшни ташкил қилган бўлса, замонавий тиббиётнинг ва янги технологиялар такомиллашуви сабабли бугунги кунда ушбу кўрсаткич 72 ёшни ташкил этмоқда.

Одамзот азалдан ўлат, вабо, чинчечак, полиомиелит каби юқумли касалликлар билан касалланган ва катта талофатлар кўрган.

Инсоният янги минг йилликка қадам қўйган бир даврга келиб, юқорида кўрсатиб ўтилган ўта хавфли юқумли касалликлар батамом тугатилиб, уларнинг ўрнига одамлар илгарилари кўрмаган ва билмаган янги, кўплаб ўлим берадиган, ўта хавфли вирусли касалликлар пайдо бўлмоқда.

Ер шарида атроф-муҳитнинг, иқлимнинг ва аҳоли турмуш тарзининг ўзгариши, аҳоли зинчлиги, миграцион жараёнларнинг фаоллашуви баъзи бир вирусли юқумли касалликларнинг дунё бўйлаб эпидемия, пандемия тарзида кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг башоратига кўра 2050 йилга бориб, дунё аҳолисининг сони 10 миллиардга етади, бу эса ўз навбатида аҳоли орасида миграция ва урбанизация жараёнларини янада тезлаштиради.

Ўтган йилдан буён давом этаётган Covid-19 инфекциясининг пандемияси инсоният тарихида халқаро аҳамиятга эга бўлган ўта хафли фавқулодда вазият сифатида тан олинди.

Табиатда ва жамиятда янги-янги вирусларнинг пайдо бўлиши, одамлар орасида тарқалиши ва касаллик чақириши бу табиий ҳолат. Инсоният ва жаҳон тиббиёти эса ушбу касалликларга қарши курашишга, уларнинг олдини олишга ҳар доим тайёр турмоғи лозим.

Covid-19 пандемияси бутун дунё соғлиқни сақлаш тизими олдига ўта муҳим ва жиддий муаммоларни қўйди.

Covid-19 пандемияси Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади, бизнинг мамлакатимизда ҳам ушбу инфекция тарқалди. Республикамизда эпидемиологик вазият нисбатан турғун бўлишига қарамай, дунёдаги таҳликали вазият, вируслар янги-янги штаммларининг пайдо бўлиши, зудлик билан ушбу касалликнинг олдини олишни тақозо қилади.

Covid-19 инфекциясига қарши курашишнинг энг самарали усули бу аҳолини ушбу касалликка қарши оммавий эмлаш. Ўзбекистонда жорий йилнинг 1-апрелидан бошлаб аҳолини бепул, оммавий эмлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ўзбекистонда оммавий эмлаш уч хил вакцина билан амалга оширилмоқда, ушбу вакциналар: ZF-UZ-VAC 2001, СПУТНИК V, AstraZeneca. Уччала вакцина ҳам клиник синовлардан ўтказилган.

Covid-19 инфекциясининг оғир кечиши, кўплаб ўлим бериши, жиддий асоратлар қолдириши деярлик барчамизга маълум. Ушбу касалликни дори-дармонлар ёрдамида даволаш ҳам катта самара бермайди, шундай экан ушбу касалликнинг олдини олиш, касалликдан сақланишнинг бирдан бир йўли бу вакцинация.

Кўпгина юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш аҳоли орасида узоқ йиллардан буён қўлланилиб келинаётган самарали тадбир. Эмлаш туфайли инсоният орасида чинчечак, полиомиелит, дифтерия каби юқумли касалликлар батамом тугатилган, кўк йўтал, қизамиқ, қоқшол, паратит каби касалликлар кескин камайтирилган.

Иммунопрофилактика юқумли касалликларга қарши курашда энг самарали тадбирлардан биридир.  Юқумли касалликларга қарши курашда эришилган ютуқлар айнан эмлаш ишлари билан боғлиқ бўлган. Одамлар орасида айрим юқумли касалликларнинг (чинчечак, полиоемиелит ва бошқалар) батамом тугатилиши ҳам аҳолини ёппасига эмлаш туфайли амалга ошган.

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг юқумли касалликларга қарши курашиш, одамлар орасида айрим юқумли касалликларни батамом тугатиш, баъзиларини кескин камайтириш дастури ҳам айнан иммунопрофилактикага асосланади.

Ўзбекистонда эмлаш Дастурини амалга ошириш борасида муайян ютуқларга эришилган. Аҳолини юқумли касалликларга қарши эмлаш – давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб иммунопрофилактика стратегияси мамалакатимиздаги амалдаги қонунларга, ЖССТ тавсияларига асосланган бўлиб бу жараён қулай, бепул ва аҳолининг кенг қатламларини қамраб олишга қаратилган. Янги Covid-19 соғлиқни сақлаш вазирлиги, санитария эпидемиология хизмати, барча тоифадаги шифокорлар, ҳамширалар олдига ушбу касалликка ташхис қўйиш, уни даволаш ва профилактикаси борасида муҳим вазифаларни ечиш муаммосини қўйди.

Соғликни саклаш вазирлигининг 2021 йил 15 февралдаги “Коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш жараёнларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида” 31-сонли буйруғида  белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, амалга оширилаётган эмлаш ишларининг кунлик мониторингини олиб бориш коронавирус инфекциясининг иммунопрофилактикасини ташкил қилиб, 18 ёшдан катта аҳолини ёши бўйича руйхатлари тузилди, биринчи навбатда эмлаш керак бўлган аҳоли 65 ёшдан катталар, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, мактабгача таълим муассасалари ходимлари, қуролли кучлар шахсий таркибини эмлаш учун ажратилган вакциналар билан навбатдаги эмлаш ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда (13.07.2021 ҳолатига) дунё аҳолисининг 13% Covid-19 га қарши эмланган. Ўзбекистонда бу рақам 10% ни ташкил қилади. Эмланганларда эмлашдан кейин жиддий асоратлар ва ўлим ҳолатлари кузатилмади.

Эмланганда касаллик батамом юқмайди деган тушунча кўпчиликнинг онгига сингиб кетган. Аслида эса профилактик эмлаш касаллик юқишини 100% бартараф этмайди, вируслар эмланган кишиларга ҳам юқиши мумкин, аммо уларда касаллик енгил шаклда, асоратларсиз кечади.

Эмлаш ишларида мавҳум, ишончсизлик ва асоссиз тарғиботларга дуч келадиган ҳолатлар ҳам учрайди. Тиббиёт соҳасида мутахассис бўлмаган, тиббиётдан хабари йўқ кишилар баъзида оммавий ахборот воситалари орқали эмлашга қарши, айниқса янги вакциналар ҳақида, ҳар хил тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб боришади, натижада эмлаш ҳақида кўпчиликда салбий фикр пайдо бўлади. Шунинг учун эмлаш ва вакциналар ҳақидаги маълумотлар ишончли, асосланган манбалардан олиниши мақсадга мувофиқ.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг охирги маълумотларига кўра кўпчилик илмий-тадқиқот муассасаларида Covid-19 га қарши 200 дан ошиқ вакциналар ишлаб чиқилган, уларнинг кўпчилиги клиник синовлардан ҳам ўтказилган, шундан 15 та вакциналар амалиётга тавсия этилган. Кўпчилик фуқаролар 2-3 маротаба эмлаш ҳақида қизиқиб, бундай эмлаш нимага керак деб сўрашади.

Вакциналар одатда эмланувчи организмга бўлиб-бўлиб (2-3 марта), маълум оралиқ муддатлар билан киритилади. Бундай эмлаш тиббиётда азалдан қўлланилади, вакцинани эмланувчи организмига қайта киритиш эмлашнинг самарадорлигини оширади, антитела ҳосил бўлиши кучаяди, антитела узоқ сақланади бу ўз навбатида эмланган кишининг инфекцияга қарши курашиш қувватини кучайтиради.

Covid-19 га қарши вакциналарнинг деярли барчаси билан икки ёки уч маротаба эмланади, бу эса ўз навбатида вакцинанинг ҳимоя кучини оширади.

Дунёдаги кўпгина тиббиёт муассасаларида ўтказилган илмий-тадқиқотлар натижаларига кўра Covid-19 га қарши вакциналарни эмланувчи организмга иккинчи маротаба қайта киритиш, вакцинанинг ҳимоя кучини бир неча баробар оширади. Биринчи маротаба эмлангандан икки ҳафта кейин касалликдан ҳимоя қилиш 52% кузатилган. Исроиллик олимларнинг тадқиқот натижаларига кўра Covid-19 га қарши икки маротаба эмланганларга антителалар титри, бир маротаба эмланганларга нисбатан 6-12 марта кўпроқ эканлиги аниқланган.

Аҳолини қизиқтирадиган саволлардан яна бири Covid-19 вакцинасини қайси ҳолатларда олиш керак? Қайси ҳолатларда эмлаш керак эмас?

Мутахассисларнинг фикрича ҳар қандай касалликка қарши эмлашда, унинг фойдаси ва зарарини ҳисобга олиш лозим. Бугунги кунда Covid-19 инфекциясига эмлашга қарши кўрсатмалар мавжуд: 18 ёшга тўлмаганлар, ҳомиладорлар, эмизикли оналар, ўткир касалликлар хуружи давридаги беморлар ва вакцина оқсилларига ўта сезувчанлиги бор кишилар эмланмайди.

Баъзи бир фуқаролар сўрашади: Covid-19 га қарши эмлашдан кўра, ушбу касаллик билан касалланиб ўтиш яхши эмасми? Тўғри эмлашни ҳар бир киши ўзи мустақил ёки даволовчи шифокори иштирокида мавжуд бўлган эпидемиологик вазият ва ўзининг саломатлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади. Шуни назарда тутиш керакки, агар эмлашга қарши кўрсатма бўлмаса, эмлаш соғлиқ учун кўпроқ фойда келтиради, чунки эмлашдан кейин пайдо бўладиган иммунитет, касалланиб ўтгандан кейинги иммунитетдан кучлироқ бўлади. Шу билан бирга ер юзида яшаётган аҳолининг 22% ёки бештадан биртасида Covid-19 нинг оғир клиник шаклига сабаб бўлувчи қўшимча касалликлар мавжуд, касалликдан кейин кузатиладиган асоратлар, беморларнинг иш кунларини йўқотилиши, қўлланиладиган дориларнинг ножўя таъсири, касалликнинг оила аъзоларига юқиши каби салбий оқибатлар, беморларни даволагандан кўра, аҳолини эмлаб касалликнинг олдини олиш ниҳоятда афзал эканлигини кўрсатади.

Covid-19 пандемияси, дунёдаги барча мамлакатларнинг, у ердаги мутахассисларнинг ҳамкорликда, қўлни-қўлга бериб, илмий-тадқиқот ишларининг натижасини амалиётга биргаликда тадбиқ этишни, касалликнинг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш усулларини ишлаб чиқишни, шунингдек ушбу касалликка қарши самарали вакциналарни ишлаб чиқишни тақозо қилади.

Бугунги кунга келиб кўпчилик шифокорлар ва фуқаролар Covid-19 инфекцияси борасида ўзларини “инфекционист”, “вирусолог”, “иммунолог”, “эпидемиолог” деб фараз қилишаяпти, бу тиббий маданиятни ошириш нуқтаи назаридан балким яхшидир. Аммо лекин аҳоли, кенг жамоатчилик оммавий-ахборот воситаларида баъзи бир “фирибгарлар” тарқатаётган, илмий асосланмаган, ёлғон-яшиқ маълумотларга ишонмаслиги ва алданиб қолмаслиги керак.

Covid-19 инфекциясига эрта ташхис қўйишда, даволашда ва касалликнинг олдини олиш ва унга қарши эмлашда барча тиббиёт ходимлари, фуқаролар, кенг жамоатчилик вакиллари ушбу соҳа олимлари, етакчи мутахассисларнинг фикирларига, илмий асосланган тавсияларига амал қилишларини тавсия этамиз.

 

 

 

 

 

 

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan