Ўзбекистонда Ёшлар академияси ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/3703).
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясини ташкил этиш;
Ёшлар академиясининг раислигини Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосарларидан бирига юклатиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.
Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларни ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;

иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларни мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;

илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;

ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал этишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган юқори технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;

илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш;

ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналарини изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқишга йўналтириш;

халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган ташкилотлар, университетлар, илмий марказлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, уларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, тренинглар, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича конференциялар, семинарлар ва танловлар ўтказиш;

иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига имконият яратиш.
Ёшлар академиясида 40 ёшгача бўлган олимлар, тадбиркорлар ва ташаббускор ёшларнинг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида қуйидаги платформалар асосида ташкил этилади:

Ғоялар генераторлари – Ёшлар академиясининг асосий йўналишларига тегишли бўлган маълум бир муаммони ечимига қаратилган инновацион ғояга эга ташаббускор олимлар ва тадбиркорлар жамоалари платформаси;

Стартаплар – ўз ғояси ва ушбу ғояни амалга оширишга қаратилган стартап лойиҳалари ва уларни амалга ошириш бўйича аниқ режага эга ташаббускор олимлар ва тадбиркорлар жамоалари платформаси;

Бизнес вакиллари – фаолиятида илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаган ва тегишли соҳада камида 1 йиллик тажрибага эга тадбиркор ва олимлар жамоалари платформаси;

Бўлажак академиклар – юқоридаги учта платформаларда фаол иштирок этган, мамлакатнинг илм-фан ривожланишига катта ҳисса қўшаётган, тадқиқотлари мамлакатни изчил ривожлантиришга қаратилган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва технологияларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этган, нуфузли хорижий нашриётларда илмий мақолалар чоп этган юқори илмий салоҳиятга эга олимлар жамоаси.

Ёшлар академияси фаолияти доирасида Ўзбекистон келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3Д моделлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси тугатилсин ва унинг 5 та штат бирликлари амалдаги молиялаштириш тартиби сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Ёшларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилади ва у Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ёшлар академияси аъзолари учун замонавий инфратузилмага эга шароитлар яратиш мақсадида:

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази биносининг лабораториялари, акселератори ва коворкинг майдони Ёшлар академиясига эркин фойдаланишга беради;

2019 йил якунига қадар Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ёшлар академиясининг аъзоларига дунёнинг етакчи мамлакатлари тажрибаси асосида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган “ақлли шаҳар” ҳудудида замонавий инфратузилмага эга кичик ва ихчам “Science Park” ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшлар академиясининг Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаларининг жами маблағларининг йилига 10 фоиз миқдоридаги маблағлари;

Ёшлар академияси Васийлик кенгаши аъзоларининг ихтиёрий равишда ажратилган ҳомийлик маблағлари;

халқаро молиявий институтлар, донорларнинг грантлари ва кредитлари;

жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозит ҳисобларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

Ёшлар академиясига бириктирилган бино ва иншоотларни ижарага беришдан олинган тушумлар;

муассаса ва ташкилотлар, шу жумладан хусусий корхоналар билан тузилган хўжалик шартномалари доирасида олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилади:

инновацион, амалий ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришга;

илмий-амалий тадбирлар (симпозиум, конференция, тренинг, давра суҳбатлари ва мастер-класслар) ташкил этишга;

Ёшлар академияси фаолиятини ташкил этишга, хорижий ва маҳаллий етакчи олимлар, мутахассислар ҳамда ватандошларни ўрнатилган тартибда жалб қилишга, малака ошириш дастурларига ва хорижий патентлаш харажатларини қоплашга;

халқаро ҳамкорлик ишлари ва стажировкаларни ташкил этишга.

Манба: kun.uz

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Comment moderation is enabled. Your comment may take some time to appear.

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.