Бугунги кунга келиб xалқаро тeрроризм, наркотрафик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чeгара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий xавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири 1 май куни Тошкент тиббиёт академиясида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда бўлиб ўтди. Унда бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари, институт педагог ходимлари ва талабалари иштирок этишди. Тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ходими Н.Р.Рахманов, Тошкент ислом университети катта ўқитувчиси Н.Қаландарова ва ТТА ижтмиоий фанлар кафедраси ўқитувчиси А.А Раззоқовлар маъруза қилдилар.
Тадбир иштирокчилари мазкур муаммога қарши курашиш самарадорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутишини қайд этиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, одам савдосининг олдини олиш борасида мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижалари ҳусусида атрофлича маълумот берилди ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ТТА Маънавият ва маърифат бўлими