Маълумки, ҳар қандай давлатнинг бош қонуни Конституция ҳисобланади. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан «Низом», «Қоидалар тўплами» деган маънони англатади. Лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим ва катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Таъкидлаш керакки, 1992 йил 8 декабрда XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари Бош Қомусимиз ҳимоясида ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликда яшаб меҳнат қилмоқда. Уларнинг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини давом эттиришлари, Ўзбекистон фуқароси сифатида эмин-эркин яшашлари Бош Қомусимиз билан кафолатланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 6 декабрь санасида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Тошкент Тиббиёт академияси қошидаги академик лицей залида “Конституция — мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида амалий тадбир ўтказилди.
Унда, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, Тошкент Тиббиёт академияси профессор ўкитувчилари ва талабалари, партия фаоллари иштирок этди.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг конституциявий ривожланиши, жумладан, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид мазкур қонунчилик юртимизда кечаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатимиз Конституцияси ҳамда қонун ҳужжатларини бугунги кун талабларига, юртимиз ҳаётида юз бераётган изчил ўзгаришларга уйгунлаштиришда, ривожланган демократик давлат барпо этиш, халқимизга муносиб турмуш шарт-шароитларини яратиб бериш каби эзгу мақсадларимизга эришишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида самарали тарғиб қилишда партия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни кириш сўзи билан Тошкент тиббиёт академиясининг ректори, Л.Н.Туйчиев очиб берар экан, бош Қомусимизда ёшларимизнинг илм олиш ҳуқуқи ҳар томонлама кафолатланганлигини алоҳида қайд этиш ўринли дея таъкидлади. Конституциямиз асосида 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига кўра, мамлакатимизда замонавий ўқув ва ишлаб чиқариш ускуналари билан жихозланган касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, ихтисослашган махсус мактаб-интернатлар, умумтаълим мактаблари, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муасассасаларининг бунёд этилгани, умуман, таълим тизими тубдан ислоҳ қилинганлиги ёшларимизнинг юксак салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топишига, Ватанимиз тараққиётини янада юксалишига хизмат қилмоқда.
Истиқлол даврида халқимизнинг ўтмишига оид кўплаб ҳақиқатлар, миллий қадрият ва анъаналаримиз, шахси, илмий, бадиий ижоди ўз даврида етарли баҳоланмаган улуғ алломаларимиз номи тикланди, унутилаёзган миллий байрамларимиз маънавий мулкимизга айланди. Азиз авлиёларимизнинг қаровсизликдан нураб деярли йўқ бўлиб кетиш арафасига келиб қолган мақбаралари, масжид ва мадрасалар тубдан таъмирланди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Бу йил Президентимиз Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Конституциясининг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда Асосий Қонун қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди. Ўзбекистон конституциясини 25 йиллик байрами олдидан ушбу эсдалик нишон билан жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган инсонлар: Тошкент тиббиёт академиясидан Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги устозимиз Турғунпўлат Обидович Даминов, Тошкент тиббиёт академияси ректори Лазиз Надирович Туйчиев ҳамда академик лицей директори Шермуродов Анвар Рахмонқуловичлар тақдирландилар.
Хулоса шуки, Бош Қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, тенглар ичра тенглигимизни, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағри кенг, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида бизнинг йўлларимизни чароғон этувчи юлдуздир. Суверен ва демократик давлат қуриш йўлидан қатъий бораётган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституциямиз билан фахрланади. Чунки, у бахтимизнинг қомусидир.
ТТА маънавият ва маърифат бўлими
Фотолавҳалар: