“БИЗ ИБН СИНО ИЗДОШЛАРИМИЗ” НОМЛИ “ТАЛАБАЛИККА БАҒИШЛОВ” ТАДБИРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Маълумки,  2017 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сонли қарори қабул қилиниб, қарорда абитуриентларни тўлов-контракт бўйича белгиланган квотадан ташқари қўшимча равишда ўқишга қабул қилинишининг тартибига ойдинлик киритилиши натижасида 2017 йилнинг ноябр ойидан 200 нафардан ортиқ абитуриентлар Тошкент тиббиёт академиясининг талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Тошкент тиббиёт академиясига 2017-2018 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талаба-ёшлар учун “Биз Ибн Сино издошларимиз” номли “Талабаликка бағишлов – 2017” тантанали маданий-маърифий байрам дастури 2017 йилнинг 5 октябрь санасида “Туркистон” санъат саройида бўлиб ўтган эди.  Ушбу тантанали тадбирнинг узвий давоми ҳисобида жорий йилнинг 18 – декабр санасида Тошкент тиббиёт академиясига қарашли академик лицей залида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Биз Ибн Сино издошларимиз” мавзусида ўтказиладиган “Талабаликка бағишлов-2017” номли талабалар қасамёдининг тантанали дастури бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент тиббиёт академиясининг ректори Л.Н.Туйчиев очиб берди. Шундан сўнг, сахнага талабалар қасамёдини ўқиш учун иқтидорли талабалар таклиф этилиб, тантанада иштирок этаётган талабалар жўрлигида ўзбек, рус ва инглиз тилларида қасамёд қабул қилинди. Шундан сўнг навбат тантанали кечанинг бадиий қисмига Академиянинг маданият уйи ходимлари ва маданият уйининг бадиий хаваскорлик тўгараклари иштирокчиларига берилди.

Бадиий кечани “Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни” қўшиғи билан даволаш факультетининг талабаси Юсупов Асрор бошлаб берган бўлса, ўз қаламларига мансуб шеърларини, жумладан, Ф.Файзиева (Тиббий педагогика факультети талабаси), М.Истамқулова (ОМХ факультети талабаси), М.Эгамбердиева (Тиббий профилактика факультети телбаси), С.Эшмурадова (Даволаш факультети талабаси)лар тадбир иштирокчилари билан баҳам кўрдилар.

Ш.Шамсиевнинг (даволаш факультетининг 1-босқич талабаси) “Ота-онам”, Ж.Имомқуловнинг (даволаш факультетининг 1-босқич талабаси) “Арзимайди”, Г.Раббимованинг (даволаш факультетининг талабаси) “Устозлар”, Н.Юсупованинг (даволаш факультетининг 1-босқич талабаси) “Фидоинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” каби қўшиқлар ва дуторчи қизлар ансамбли ижросидаги (тиббий профилактика ва даволаш факультети талабалари) “Ўзбек халқ терма қўшиқлари”, Г.Шералиеванинг (ОМХ факультети талабаси) “Бухороча” рақси ва Ш.Тўраеваларнинг чанг созида ижро этиб берган “Қўшчинор” мусиқаси барча тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан илиқ кутиб олинди.

Тадбирга ТТА маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректор Т.А.Бобомуратов хулоса ясар эканлар, тадбир ташкилотчиларига, жумладан, Тошкент тиббиёт академияси маданият уйи раҳбари М.Абдуллаевга академия рахбарияти номидан миннатдорчилик билдириб, академиянинг барча 1-курсига қабул қилинган талабаларнинг келгусида ўқишларига муваффақиятлар тилади.

ТТА маънавият ва маърифат бўлими

Фотолавхалар:

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan