Тошкент тиббиёт академияси ва Корё Университети (Корея Республикаси) ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган “Тошкент тиббиёт академиясида соғлиқни сақлаш соҳасида таълимни яхшилаш” лойиҳаси бўйича яна бир вазифа бажарилди. Бу ҳамкорликдаги “Илмий тадқиқот маркази” очилишидир. Марказнинг очилиш маросимига Корё Университети Тиббиёт марказининг Президенти ҳамда бошқарма раиси, тиббиёт муаммолари бўйича вице-президенти профессор Ли Ки Хёнг бошчилигида Корё Университетининг делигацияси ташриф буюрди. Маросимда ТТАнинг раҳбарияти ва профессор-ўқитувчиларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта-махсус таълими вазирликлари ўринбосарлари, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти, Давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари ҳамда бошқа тиббий муассасалар ходимлари қатнашдилар.
ТТА ректори проф. Туйчиев Л.Н. ЎзР Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб: турдош ҳорижий ОТМ билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш; ОТМ битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш; ОТМ ва қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш; ОТМ қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаб уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқалар белгиланганлиги айтиб ўтди. Ушбу вазифаларнинг ижроси сифатида ТТА билан Корея Университети ҳамкорлигида бажарилаётган ишларни эътироф этиш мумкин деб таъкидлаб ўтди ва барчани “Илмий тадқиқот маркази” нинг очилиши маросими билан табриклади.
Сўзга чиққан Корё Университети Тиббиёт марказининг Президенти ҳамда бошқарма раиси, тиббиёт муаммолари бўйича вице-президенти профессор Ли Ки Хёнг, ЎзР ОЎМТ вазир ўринбосари Бегимкулов У., Корё университети жамоат саломатлигини сақлаш ва ташкиллаштириш кафедраси профессори Дже Ук Чой, Корё университетидан келган бир қатор делегация аъзолари ва бошқалар тадбир борасида ўз илиқ фикрлар билдиришди ва маросим ташкилотчилари ва қатнашчиларга ўз миннатдорлигини айтиб ўтдилар.
Ушбу тадбирни ўтказиш тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожланишига ва такомиллашишига ҳамда ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишда стратегик режаларни аниқлаштиришга, таълим, стажировка ва малака оширишнинг муҳим муаммоларини ечишга олиб келди.
Ўқув жараёнига халқаро таълим стандартига асосланган юқори педагогик технологияларни, ўқув дастур ва ўқув-методик материалларни кенг татбиқ этишнинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу ташриф тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича мақсадга эришиш йўлида яна бир амалий қадам бўлди. Бундай ҳалқаро ҳамкорлик даражасидаги тиббий тадбирларни ўтказиш ҳамкорликни мустаҳкамланишига ва юртимизнинг тиббий таълим ва илм соҳасидаги замон талабига жавоб берувчи халқаро тажриба ва амалиётни муваффақиятли татбиқ этишга олиб келади.
Атроф муҳит гигиенаси кафедраси мудири Ф.И.Саломова
Фотолавҳалар: