ЎЗБЕКИСТОН ВА БЕЛАРУС СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИКНИ КУЧАЙТИРАДИ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Беларусь Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Валерий Малашко бошчилигидаги делегация билан учрашди.

Дўстона руҳда ўтган мулоқотда тиббиёт соҳаcида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, тиббиёт соҳасини модернизация қилиш, бу борада инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тиббий таълим ва кадрлар тайёрлаш ҳамда бошқарув соҳасида ахборот тизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш каби йўналишларда фаол ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунга кўра, тиббиёт таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, фармацевтика тармоғини ривожлантириш, санитария-эпидемиология, клиник ва профилактик тиббиёт ҳамда тиббий радиология йўналишида ҳам фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш каби соҳаларда тажриба алмашиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари ташриф доирасида юртимизнинг қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан ҳам яқиндан танишмоқдалар.

***

Хабар қилинганидек, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг юртимизга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукумат ва вазирликлари ўртасида қатор икки томонлама муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ушбу ҳужжатлар қатори “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Давлат суд экспертизаси қўмитаси ўртасида идоралараро суд-тиббий фаолият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Беларусь Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида идоралараро соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим” ҳам имзоланди.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan