Италия пойтахти Рим шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этаяпти.
Сессияда тиббиёт соҳасида глобал даражадаги масалалар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Чунончи, экологиянинг дунё халқлари саломатлигига таъсири, озиқ-овқат стандартлари, бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, дори-дармон нархлари, тамаки ва алкоголь истеъмолининг зарарлари, жисмоний фаолликнинг аҳамияти, семиришнинг оқибатлари кенг муҳокама этилмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус билан учрашди. Мулоқот чоғида юртимизда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида Тедрос Гебрейесус ҳам аҳоли саломатлигини асрашни асосий устувор вазифа сифатида белгилаш бу келажак авлодлар камолга етишининг энг тўғри йўли эканлигини таъкидлади. Бу соғлом жамият барпо этиш ва ҳар томонлама баркамол шахсни вояга етказиш кафолатидир. Шу маънода, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ғамҳурликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олганлиги билан кўплаб мамлакатларга намуна бўлишини эътироф этди. Шунингдек, у ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини ҳамда Ўзбекистонга амалга оширилажак ташрифни интиқлик билан кутаётганини билдирди.
Делегациямиз Россия, Беларусь, Туркия, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларининг делегатлари билан ҳам келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда истиқболли режалар хусусида икки томонлама самарали учрашувлар ўтказди.
Сессия иши давом этмоқда.
Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати
Translate: Рус