Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловини эълон қилади
Инновацион ривожланиш вазирлиги долзарб муаммолар ечимига қаратилган Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган:
– амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар лойиҳалари;
– долзарб тематик тадқиқотлар бўйича илмий-тадқиқот грантлари танловинининг дастлабки босқичини эълон қилади.
Танлов мавзулари, танловни ўтказиш билан боғлиқ тартиб ва талаблар билан вазирликнинг расмий веб-саҳифаси www.mininnovation.uz да танишиш мумкин.
Амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик мавзулар бўйича танловлар босқичма-босқич эълон қилиб борилади.
Долзарб тематик амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар бўйича:
- Оролбўйи экологик ҳолатини ўрганиш ва яхшилашга қаратилган таклифлар.
- Ислом дини ривожига ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш.
- Ўзбекистон спортчиларини Олимпия ўйинлари ва халқаро спорт мусобақаларига тайёрлашнинг долзарб масалалари.
- Барча файллар архивда
Амалий илмий-техник лойиҳалар ва инновацион ишланмалар, долзарб тематик тадқиқотлар танлови топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари, Президентнинг республика ҳудудларига ташрифлари, маъруза ва нутқларида белгиланган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва йиғилиш баённомалари топшириқлари ҳамда давлат, хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари таклиф ва тавсияларидан келиб чиқиб, республика иқтисодиёти тармоқ ва соҳаларини инновацион ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва вазифалари асосида шакллантирилган.
Тақдим этилган лойиҳалар ва инновацион ишланмалар www.fan-portal.uz веб-саҳифа орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт. Электрон рўйхатдан ўтмаган амалий лойиҳалар ва инновацион ишланмалартанловга қабул қилинмайди.
Қоғоз шаклда тақдим этилган лойиҳалар фақат илмий-тадқиқот институтлари илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари имзолаган йўлланма хати асосида қабул қилинади.
Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида, 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет: юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.
Бетлар титул варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титул варағига 1 рақами қўйилмайди.
Лойиҳа ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.
Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланади ва ташкилот муҳри билан тасдиқланади.
Электрон рўйхатдан ўтказилган амалий лойиҳалар ва инновацион ишланмалар Инновацион ривожланиш вазирлигида 2018 йилнинг 10 октябрь кунига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача Вазирлик биносида қабул қилинади.
Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
Тақдим этиладиган лойиҳаларга тегишли вазирликлардан лойиҳа мавзуси, унинг бажарилиши ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги таъкидланган ҳамда ташкилот Илмий (илмий-техник) Кенгашлари томонидан тавсия этилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма илова қилиниши лозим.
Танлов ўтказилишининг объективлиги, адолатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида лойиҳаларни қабул қилиш, экспертизасини амалга ошириш, махсус белгиланган хоналарда видеокузатув воситалари (камералар) орқали ёзиб олинади.
Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори ташкилотлар масъул ходимлари жавобгар ҳисобланадилар.
Белгиланган муддатда фан йўналишлари бўйича электрон ва қоғоз шаклларда тақдим этилмаган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди. Танловга битта лойиҳа келиб тушган тақдирда танлов ўтказилмайди.
Маълумот учун телефонлар: Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими (онлайн рўйхатдан ўтиш бўйича): 71 203 32 32.
Инфо-фан (қўшимча мълумот учун): тел.: 71 203 32 32