АЗИЗ ВА ҚАДРДОН ҲАМКАСБЛАР, ШИФОКОРЛАР – БАРЧАНГИЗГА
“ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ” БАЙРАМИ МУБОРАК БУЛСИН!
Ҳаммамизга маълумки, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябр ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда “Тиббиёт ходимлари куни” байрам сифатида кенг нишонланиб келмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтмоқчиманки, шифокорлик касби – энг машаққатли ва шу билан бирга шарафли касблардан бири ҳисобланади. Чунки, бизнинг маҳоратимиз, малакамиз, маъсулиятимиз инсонларнинг ҳаёти ва тақдирида ўрин эгаллайди.
Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб, жамиятимизнинг барча соҳалари қаторида, мамлакатимизда тиббиётнинг ривожланишига, халқимизнинг сифатли тиббиёт хизматларидан фойдаланишлари учун шароитлар яратилмоқда. Босқичма-босқич шифокорларнинг билимлари, кўникмалари, маҳоратларин оширишлари учун кенг имкониятлар яратиб келинмоқда. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 9 ноябрида куни соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ҳудудлар аҳолисини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ва бу йиғилишда, “Биз барча соҳалардан ҳам тиббиёт соҳасига алоҳида эътибор кўрсатдик. Чунки бош мақсадимиз – халқ саломатлигини сақлаш, соғлиғини янада мустаҳкамлаш” – деб таъкидлагани сўзларимизнинг исботидир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмизки, Президентимиз томонидан Ўзбекистонда замонавий тиббиётнинг ривожланиши учун улкан имкониятлар яратилиши асносида шифокорларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса – давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деб бир неча бор такрорламоқда.
Шунинг учун бундай улкан вазифалар олдимизда турган экан, сиз азизларни, ўз касбига фидойи бўлган касб эгаларини – Тошкент тиббиёт академияси маъмурияти ва жамоаси номидан “Тиббиёт ходимлари куни” байрами билан чин юракдан самимий қутлаймиз ва халқ саломатлиги йўлидаги ишларингиз ҳамиша бардавом бўлишини, тилаймиз! Албатта, барчангизга, соғлик саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт ва улкан марраларни забт этишингизга тилакдошмиз! Байрамингиз муборак бўлсин!
Лазиз Надирович Туйчиев
Тошкент тиббиёт академияси ректори