Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар пул мукофоти оладилар. Хўш, кимлар ушбу нишон билан тақдирланадилар?
“Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Қарор билан “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, ушбу кўкрак нишони билан ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда фуқаролар тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши томонидан амалга оширилади.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Маслаҳат кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.
Қарорга мувофиқ, ушбу кўкрак нишони 8 декабрь – Конституция куни байрами арафасида топширилади.
Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.
Манба: ЎзА