2018 йил 30 ноябр куни Тошкент тиббиёт академияси академик лицейи фаоллар залида ҳар йилги анаънага кўра “8 декабр – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси Фуқаролар соғлигини сақлаш қўмитаси ҳамкорлигида ТТА раҳбар ходимлари ва талабалар ўртасида “Конституция – ижтимоий ҳуқуқларимиз кафолати” мавзусида тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, академия бўйича кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирни ТТА ректори Л.Н.Туйчиев очиб бериб, бугунги кунда мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида маълумотлар бериб ўтди.
Мулоқот давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Д.Х.Файзиева “Конституция-оила ва аёлларнинг хуқуқий кафолати” мавзусида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлигини сақлаш қўмитаси аъзоси М.Э.Дадаходжаева “Аҳоли саломатлигини сақлашга оид конституциявий нормалар ижросини таъминлаш-давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши” мавзусида маърузалар қилиб, Муҳтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни туб моҳияти халқимизнинг яшаши, ўқиши, дам олиши, даволаниши учун имкониятлар яратишга қаратилаётганлиги, халқимиз соғлиги, қолаверса, соғлом авлодни вояга етказиш мамлакатимиз раҳбариятининг биринчи масаласи эканлигини таъкидлаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қонунларнинг қабул қилиниш жараёнлари бўйича батафсил маълумотлар бердилар.
Давра суҳбати савол-жавобларга бой бўлди. Профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ёшлар қонунчилик борасида ўзларининг қизиқтирган саволларига соҳа мутаҳассисларидан етарлича маълумотлар олдилар.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими.