Жорий йилнинг 8 январь куни Тошкент тиббиёт академиясида “Олий тиббий таълим ислоҳатларида инновацион педагогик технологияларнинг ўрни ва самарадорлиги” мавзусида XIV – ўқув –услубий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда турли жамоат ташкилотларидан етук мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимлари иштирок этдилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ТТАда шу каби ўқув семинарлар анаънавий тарзда ҳар йили қишки таътил даврида ўтказилиб келинмоқда.
Тадбирни кириш сўзи билан Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Туйчиев Лазиз Надирович очиб берди. Семинарда тиббий таълимдаги ислоҳотларни амалга оширишда масофавий таълимнинг ўрни, талабалар билимини баҳолашнинг кредит тизими, илм-фан ишлаб чиқариш модули Самара давлат тиббиёт университети ҳузуридаги инновацион ривожланиш институти тажрибаси асосида (он-лайн маъруза), “UNISYS” ўқув жараёни мониторинги ахборот тизими, таълим сифатини оширишда педагогик технологияларни ўрни каби мавзуларга бағишланган маърузалар бўлиб ўтди.
Семинарда Тошкент тиббиёт академиясида 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” да таълим сифатини яхшилашга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар амалга олиширилганлиги ҳақида ҳам муҳокамалар қилинди. Жумладан, янги ўқув режа асосида 1-2 курслар бўйича 37 та фандан дарсликлар яратилганлиги, 2018-2019 ўқув йили бошидан ҳозиргача 120 га яқин хорижий мутахассислар томонидан маърузалар ва семинарлар, маҳорат дарслари амалга оширилди ҳамда ТТА профессор –ўқитувчилари томонидан 280га яқин хорижга сафар уюштирилганлиги, хорижий ҳамкор ОТМлар билан биргаликда жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлашни бошқаруви йўналиши бўйича қўшма магистратура дастури тайёрланаётганлиги, Тошкент тиббиёт академияси ва Корея соғлиқни сақлаш саъноатни ривожлантириш институти (KHIDI) ҳамкорлигида Ҳалқ табобати марказининг очилиши, ушбу марказ замонавий соғлиқни сақлаш соҳаси билан йиллар давомида такомиллашиб келаётган халқ табобатининг ютуқларини уйғунлаштириш бўйича илмий лаёқатни ошириш ва ушбу соҳадаги илмий изланишларни оммалаштиришга ҳизмат қилиши, Корё Университети мутахассислари билан хамкорликда 2017-2018 ўқув йили давомида магистрлик дастури ишлаб чиқилиб, натижада илк бор тиббиёт олий таълимда қўшма магистратура йўналиши шакилланганлиги, ушбу ҳамкорлик доирасида 2018 йилнинг июнь ойида “Хамкорлик Илмий-тадқиқот Маркази” ташкил этилганлиги ҳақида тўхталиб утилди.
Бундан ташқари семинарда бугунги кунда Тошкент тиббиёт академиясида халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун янги авлод ўқув адабиётларини яратиш ва уларни олий таълим муассасаларининг таълим жараёнига кенг тадбиқ этиш, замонавий ўқув, ўқув-методик ва илмий адабиётлар билан таъминлаш, шу жумладан, энг янги хорижий адабиётларни таржима қилиш, ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш, педагог кадрларнинг касб маҳорати сифати ва савиясини узлуксиз юксалтириш, хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш марказлари ўқув жараёнларига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш, илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, инновацион ва технологик ғояларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш юзасидан тизимли ишларни ташкил этиш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш, моддий-техника база, ўқув ва илмий-лаборатория бино ва корпуслари, спорт иншоотлари, ижтимоий-муҳандислик инфратузилмаси объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича ўқув-илмий лабораторияларини замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янада мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш ишлари комплекс ривожлантириш дастури асосида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида сўз борди.
Семинар қуйидаги секцияларга бўлинган ҳолда ташкил этилди:
1. Ҳарбий-тиббиёт факультети секцияси
2. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш секцияси
3. Олий ҳамширалик иши секцияси
4. УАШ тайёрлаш секцияси
5. Ижтимоий-гуманитар фанлар секцияси
6. Тиббий-профилактика фанлари секцияси
7. Жарроҳлик, акушерлик-гинекология секцияси
8. Тиббий биология ва фундаментал фанлар секцияси
9. Терапевтик секция
Секцияларда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни самарадорлигини янада ошириш, жумладан, олий таълимни ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган дастурларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўзаро фикр алмашдилар.
Якуний ялпи мажлисда секция мажлислари якуни бўйича берилган таклифлар асосида 2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида ТТА жамоаси томонидан бажариладаган тиббий таълимни янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича қарорлар қабул қилинди.