Ўзбекистон Республикаси президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Фармон билан умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамда қуйидагиларга қаратилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди:
давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида – парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш, ижро этувчи ҳокимият тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш, давлат бошқарувида замонавий менежмент услубларини кенг қўллаш, давлат хизматларини ривожлантириш, давлат хизматига малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган ягона кадрлар сиёсатини шакллантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколат ва масъулиятини қайта кўриб чиқиш, уларнинг мустақиллигини ошириш;
қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида – суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш, жиноят қонунчилигини такомиллаштириш ва либераллаштириш;
иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб этиш соҳасида – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлом рақобат учун зарур шароитларни яратиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, “хуфиёна” иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттириш;
ижтимоий ривожланиш соҳасида – аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадларини ошириш, фан ва узлуксиз таълимни ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, туризмни ривожлантириш;
хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасида – мамлакатимиз мудофаа қудратини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, очиқлик, ўзаро тенг ва манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада ошириш.
Манба: kun.uz
Translate: Рус