Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим тизимини янада ривожлантиришга йўналтирилган Қарорларида олий таълим тизимини келгусида янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалар этиб: ҳар бир олий таълим муассасалари (ОТМ) жаҳоннинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув-педагогик фаолиятга, мастер-класслар ўтказишга, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор ОТМдан юқори малакали ўқитувчилар ва олимларни фаол жалб қилиш, уларнинг базасида тизимли асосда республикамиз ОТМлари магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларининг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш; хорижда педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш ва стажировкасини ўтказиш, ОТМ битирувчиларини PhD ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, ОТМларни замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари ва бошқалар билан жиҳозлаб уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва бошқа вазифалар белгиланган.
Тошкент тиббиёт академиясида Қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича бир қанча хорижий ОТМ билан ҳамкорлик ишларини амалга оширмоқда. ТТА ва Корё университети (КУ) ўртасида 2016-2020 йилларга мўлжалланган “ТТАда соғлиқни сақлаш соҳасида таълимни такомиллаштириш”га оид халқаро илмий лойиҳани академияда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг бири сифатида эътироф этиш мумкин. Мазкур лойиҳа Корея илмий тадқиқот фонди ҳомийлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида имзоланган меморандум шартларига кўра экологик ва атроф муҳит омилларининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш бўйича олий малакали мутахассисларни тайёрлаш, ҳамда инсон организмига таъсир этувчи атроф муҳит омилларини ўрганиш, уларнинг зарарли таъсирини камайтириш ва касалликлар профилактикаси йўналишларидаги илмий ишлар (PhD дастури бўйича ўқитиш) янги очилган атроф муҳит гигиенаси кафедраси, ҳамда гигиеник йўналишдаги кафедралар ҳамда КУнинг профилактик тиббиёт факультети кафедралари билан ҳамкорликда олиб борилмокда.
ЎзР Президентининг 2017 йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида ЎзРнинг ОТМларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги 2955 сонли қарорига асосан ТТАда «Атроф муҳит ва инсон саломатлиги» магистратура мутахассислиги очилди. Магистратурада ўқув жараёни КУнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлашга оид тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликда тайёрланган фан дастурлари асосида ташкиллаштирилган. Шунингдек КУ профессорлари билан ҳаммуаллифликда тайёрланган ўқув адабиётларидан (“Атроф муҳит гигиенаси ва инсон саломатлиги” ва “Саноат гигиенаси ва инсон саломатлиги”) фойдаланилинилади.
Таълим сифатини оширишда профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти ва тажрибаси муҳим ўрин эгаллашини инобатга олиб мунтазам равишда КУ профессорлари ўқув жараёнига жалб этилмоқда.
Корея илмий тадқиқот фонди ҳомийлигида Тошкент тиббиёт академияси ва Корея Университети ҳамкорлигида бажарилаётган лойиҳа доирасида ТТА моддий техник базасини соҳага оид замонавий асбоб-ускуна ва лаборатория жиҳозлари билан бойитиш вазифалари белгиланган. 2018 йили «Тошкент тиббиёт академияси ва Корея Университети ҳамкорлигидаги илмий тадқиқот маркази» ташкиллаштирилди. Марказда замонавий жиҳозланган учта лаборатория хонаси, битта кўргазмалар зали, иккита ўқув хонаси ва маърузалар зали мавжуд. КУ томонидан ТТАга ҳозирги кунга қадар атроф муҳит омилларининг физик ва кимёвий хусусиятларини ўлчаш ва баҳолашга мўлжалланган бир қатор асбоб-ускуналар ва лаборатория жиҳозлари тақдим этилди. Илмий тадқиқот марказида таълим жараёни билан бир қаторда илмий тадқиқот ишларини бажариш имкониятлар яратилган.
2019 йилнинг 20-27 январь кунлари ТТА академиясининг бир гуруҳ профессор – ўқитувчилари ва 5А510302 “Атроф муҳит ва инсон саломатлиги” магистратура йўналиши 2 курс 13 нафар талабалари Корё университетига ташриф буюришди. Ташриф давомида академиянинг профессор-ўқитувчилари Кореялик ҳамкорлари билан ўқув жараёнини ташкиллаштиришга оид саволлар бўйича тажриба алмашишди. Корея Университети тиббиёт маркази раҳбари ва бош ижрочи директори, Корея Университетининг тиббиёт ишлари бўйича вице-президенти Kee Hyoung Lee билан учрашув жараёнида ҳамкорликда эришилган ютуқлар ва келажакдаги режалар муҳокама қилинди.
Корё Университети тиббиёт коллежида ТТА профессор-ўқитувчилари учун семинарлар ташкил этилди. Семинарлар “Кореяда тиббий таълимни баҳолаш ва аккредитациядан ўтказиш”, “Тиббий таълимда институт фаолияти ва унинг олиб борилиши ҳамда баҳоланиши” мавзуларига бағишланган бўлиб, улар таълим сифатини яхшилаш масалалари бўйича тажриба алмашишга яқиндан ёрдам берди. Шунингдек Корея Университетида таълим жараёни билан танишилди. Корё университети тиббиёт коллежи бошқаруви ва ўқув режаларининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Ортирилган тажриба республикамизда олий тиббий таълим соҳасида ўтказилаётган ислоҳатлар, яъни ўқув жараёнини ташкиллаштиришга оид қонуний ҳамда меъёрий ва услубий ҳужжатларни ҳорижий тажриба асосида қайта кўриб чиқишга ёрдам беради.
Магистратура талабалари атроф муҳит муҳофазаси ва атроф муҳитдаги омилларни аниқлашда газ хроматографда ишлаш қоидаларига бағишланган семинарда иштирок этиб керакли маълумотлар олишди.
ТТА профессор –ўқитувчилар ва 5А510302 “Атроф муҳит ва инсон саломатлиги” магистратура йўналиши 2 курс 13 нафар талабалари Халқаро 4-Академик симпозиумда (The 4-th International Academic Symposium Collaborating Academic Research and Future Challenge in Public Health between Tashkent Medical Academy – Korea University) иштирок этишди. Академик симпозиумда талабалар экологик ва атроф муҳит омилларининг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш ҳамда уларнинг зарарли таъсирини камайтириш ва касалликлар профилактикасига бағишланган илмий тадқиқот ишларининг натижалари бўйича маърузалар қилиб, магистрлик диссертация иши бўйича ҳимоя олди апробациясидан ўтишди.
Ташриф давомида ТТА делегацияси Корё университети Тиббиёт коллежининг симуляцион марказига ва тиббиёт клиникасига ташриф буюришди. Симуляцион марказ ва клиниканинг тузилиши, жиҳозланиши ва фаолияти билан танишилди ҳамда уларнинг ўқув жараёнини ташкиллаштиришда аҳамияти бўйича қўшимча керакли маълумотлар олинди.
Ҳозирги вақтдаги долзарб мавзулардан ҳисобланган, атроф муҳит ва иш жойларининг саноат корхоналаридан чиқаётган зарарли омиллари билан ифлосланиши, бунинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тажриба билан танишиш мақсадида Korea Occupational Safety га ташриф буюрилди. Пўлат ишлаб чиқаришшга мўлжалланган “POSCO” комплексига, Атом электро станциясига ва “Korad” ташриф Жанубий Кореяда атроф ва ишчи муҳитни, шунингдек ишчилар саломатлигини муҳофаза қилишда катта ютуқларга эришилганини кўрсатди.
Хулоса қилиб, етакчи ҳорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик таълим сифатини оширишга, рақобатбардош бўлишга ва илмий тадқиқот ишларини халқаро миқёсда муҳокама бўлишига ёрдам беради. Фақат билим олиш билан чекланиб қолмай, балки олинган билимларни амалиётга қўллаш ва давлатни ривожлантиришга йўналтириш лозим.