Икки давлат раҳбарларининг ташаббуси билан ташкил қилинган Россия-Ўзбекистон таълим форуми доирасида Тошкент тиббиёт академияси ва И.М.Сеченов номидаги Биринчи Москва Давлат тиббиёт университети ўртасида тасдиқланган илмий-таълимий ҳамкорлик шартномаси асосида, 2019 йил 27 февраль куни Тошкент тиббиёт академияси базасида «ТТА ва Сеченов Университети ОТМлараро ҳамкорлик маркази»нинг ташкил қилиниши бўйича тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Тантанали йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти, тиббиёт ОТМлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Тиббий таълим соҳасида юқори аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистонга Сеченов Университети ректори, Россия тиббиёт ва фармацетика ОТМлари ректорлари раёсати раиси, академик П.В.Глыбочко бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Йиғилиш давомида ТТА ва Сеченов Университети раҳбарлари Ўзбекистон ҳамда Россиянинг етакчи тиббиёт ОТМлари бўлган ТТА ва Сеченов Университети ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик тажрибаси, шунингдек, ОТМлараро ҳамкорлик маркази томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Барча тадбир иштирокчиларининг олий тиббий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожланириш муҳим ўрин касб этиши ҳақидаги суҳбатларига Тошкент тиббиёт академияси ҳамда Биринчи Москва Давлат тиббиёт университети ректорларининг «ТТА ва Сеченов Университети ОТМлараро ҳамкорлик маркази низоми»ни расмий имзолаш маросими якун ясади.
Қўшма таълим дастурларини амалий татбиқ этиш(магистратура, ординатура, докторантура), илмий-амалий тадбирларни ўтказишдаги ҳамкорлик, электрон таълим соҳасида икки ОТМ ҳамкорлигини ривожлантириш, талабалар алмашинув дастурларини олиб бориш, икки ОТМлар ўртасидаги узлуксиз оператив ахборот алмашинишни таъминлаш ушбу ОТМлараро ҳамкорлик марказининг стратегик вазифаларидан ҳисобланади.
Ушбу марказ профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, ёш олимлар ва икки университетнинг талабалари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида инновацион ва технологик ғоялар юзасидан фикр алмашиш учун замонавий платформага айланади, шунингдек, Сеченов университети етакчи профессор-ўқитувчилари ТТАнинг таълим жараёнига кенг жалб қилинишига ёрдам бериб икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олади.
ОТМлараро ҳамкорлик маркази икки ОТМлар ўртасидаги тезкор узлуксиз ахборот алмашинувини таъминловчи муҳим нуқтага айланади.
Тантанали йиғилишдан сўнг Сеченов Университети делегацияси ТТАга ташриф буюрди ва ташкил этилган ОТМлараро ҳамкорлик марказини кўздан кечирди. Делегация ТТА Илмий кенгаш йиғилишида иштирок этди.
Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Л.Тўйчиев ташаббуси билан икки томонлама ҳамкорликнинг рирожланишига ва олий тиббий таълимнинг такомиллашувига ўзининг улкан ҳиссасини қўшганлиги учун, ТТА Илмий кенгаш қарори билан И.М.Сеченов номли Биринчи Москва Давлат тиббиёт университети ректори, РФА академиги П.В. Глыбочкога «Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори» унвони берилди.
Шу каби лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш таълим тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. ТТА ва Сеченов Университети ОТМлараро марказининг ташкил этилиши халқаро ҳамкорликдаги катта амалий босқич бўлиб, олий тиббий таълимни ҳар томонлама ривожлантиришга кенг йўл очади.
ТТА халқаро алоқалар бўлими