Корея Соғлиқни сақлаш вазири Пак Нинг Ху «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори унвони билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Учрашувда Соғлиқни сақлаш соҳасида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги марказини ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми алоҳида аҳамият касб этиши айтиб ўтилди. Мазкур марказнинг очилиши икки мамлакат ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаб, икки давлат мутахассислари ўртасида билим ва тажриба алмашинув фаоллашишига ёрдам беради.
Шунингдек, меморандумга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг бош режаси, шу жумладан, соҳанинг ҳуқуқий асослари, тиббиёт ходимларининг билимларини мунтазам такомиллаштириш, давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги ҳамда тиббий туризм ва тиббий суғурта соҳасида мутахассислар алмашинуви бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон-Корея форуми доирасида Соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид ўзаро англашув меморандуми, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Халқаро ҳамкорлик жамияти «KOFIH» ўртасида имзоланган ишошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, шунингдек, Корея Республикасининг Кёнг Бук университети клиникаси ва Самарқанд Давлат тиббиёт институтининг клиникалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳам учрашувда алоҳида эътироф этилди.
Шу билан бир қаторда, Тошкент шаҳрида кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда тўртинчи авлод болалар кўп тармоқли тиббиёт марказини бунёд этиш жадал олиб борилмоқда. Қиймати 130,58 миллион АҚШ долларини ташкил этган марказда ишлайдиган ходимлар малакасини ошириш бўйича ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Республикасининг Миллий саломатлик суғуртаси хизмати ўртасида Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартномани ҳам имзоланган. Корея Республикасининг кўплаб ташкилотлари, жумладан, «KOICA», «KOFIH», «EDCF» жамғармалари билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида қиймати 190 миллион АҚШ долларидан зиёд қатор сармоявий ва грант лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ўтган йили Кореядаги клиника ва таълим муассасаларида 35 нафар ўзбек шифокорлари ўз малакаларини оширишган бўлишса, жорий йилда давомида эса юзга яқин мутахассислар малака ошириш ва тажриба алмашиш учун Жанубий Кореяга юборилади.
Ўз навбатида, ўтган йил Корея Республикасининг этакчи клиника ва олий ўқув юртларининг 47 нафар мутахассиси Ўзбекистонга ташриф буюриб, илмий анжуман, маҳорат дарслари, амалий-семинарлар ҳамда 80 та юқори технологияли операцияларни ўтказган.
Дўстона ва кўтаринки руҳда ўтган мулоқотда тиббиёт соҳасини ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил давом эттиришга келишиб олинди.
Учрашувдан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказий аппарати, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва даволаш муассасалари раҳбарлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов томонидан Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори унвони билан тақдирланди.
Манба: gazeta.uz
Translate: Рус