Пойтахтимиздаги «Radisson Blu Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик форуми ташкил этилди.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасида самарали ҳамкорлик мавжуд. Буни, икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари мунтазамлик касб этганида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг ноябрида Президент Мун Чже Иннинг таклифига биноан Корея Республикасига давлат ташрифи билан бўлди. Айни кунларда Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин мамлакатимизда давлат ташрифи билан бўлиб турибди. Мазкур Ўзбекистон-Корея форуми ҳам айнан Корея Республикаси Президентининг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида ташкил этилгани билан диққатга сазовор.
Форумда ҳар икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги тадқиқотчилари, эксперт ва мутахассислари томонидан тайёрланган қизиқарли илмий маърузалар тингланди. Иштирокчилар соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва биотехнологиялар соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган тиббий суғурта тизими, тиббий туризмни ривожлантириш ва унинг аҳамияти, соғлиқни сақлашда ахборот-коммуникация технологиялари масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 20 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазири Пак Нинг Ху ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Унда ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, тиббий туризмни ривожлантириш каби соҳадаги ўта долзарб масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Translate: Рус