ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ҲАМШИРАЛАРИ АНИҚЛАНДИ

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Ҳамшира-2019” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Анъавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Республика Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.

Таъкидлаш жоиз, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамшираларнинг ўрни муҳим. Шу боис юртимизда олиб борилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида ҳамширалик ишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббий таълим тизими халқаро талаблардан келиб чиқиб такомиллаштирилаяпти.

Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида турли йўналишлар бўйича беш минг нафарга яқин олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, юзга яқин ҳамширалар магистр даражасига эга. Яна бир эътиборли жиҳати, 18 нафар олий маълумотли ҳамшира тиббиёт соҳасида фалсафа доктори (PhD) илмий унвонига эга бўлди. Олий маълумотли ҳамширалар ва ўрта тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш тизими ҳам тубдан такомиллашаяпти.

Анъанавий тарзда ўтаётган “Ҳамшира” республика кўрик танлови ҳам ўрта тиббиёт ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларнинг интилишларини рўёбга чиқаришда алоҳида ўрин тутади. Танловнинг бу йилги барча босқичлари ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонлари янада такомиллашди. Унда асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратиладиган бўлди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт билан бирга мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси баҳолашнинг муҳим мезонлари этиб белгиланди.

Танлов натижаларига кўра Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева 1-ўринни қўлга киритди. Фарғона вилояти перенатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зуҳрахон Хайдарова 2-ўринга, Жиззах вилояти Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси ҳомиладорлар патологияси бўлими муолажа ҳамшираси Сарвиноз Қўшбоқова 3-ўринга сазовор бўлди. Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, анъанага мувофиқ “Ҳамшира-2019” танлови ғолиблари тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Translate: Рус

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan