Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар шанба куни мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли оммавий соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. 29 июнь куни ҳам ушбу эзгу анъана давом этган ҳолда, “Жисмоний фаоллик – узоқ умр гарови” шиори остида юртимиз бўйлаб турли тадбирлар ташкил этилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги тараққиёт туфайли инсоният ҳаёт тарзида камҳаракатлиликка одатланаётгани кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан шу омил сабаб бўлмоқда. Масалан, сут бези ва йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ана шу жиҳат жиддий туртки бўлади.
Бундай муаммонинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Тўғри, бугунги тиғиз иш куни соатлаб спорт машғулотлари бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Бироқ, ҳеч бўлмаганда кунда-кунора 20-30 дақиқалик жисмоний машқларни бажариш, кунига 1-2 километр пиёда юриш учун ҳаммада имкон топилади. Шифокорларнинг айтишича, ана шу озгина ҳаракат ҳам организмни кислородга тўйинтириш, модда алмашинувини яхшилашда ижобий натижа беради. Бундай кун тартибига одатланган инсон хафақон, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликлардан ўзини ҳимоялайди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорликда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини ва жисмоний фаолликни тарғиб этиш билан боғлиқ оммавий тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимизга тиббий-профилактика ва патронаж ёрдамини кўрсатиш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўлами ҳам кенгайиб бораётир. Юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида фуқароларимизнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 1990 йилдаги 67 ёшдан 2018 – йилда 74 ёшга узайди.
Ҳар шанба куни юртимиз бўйлаб анъанавий тарзда ўтказилаётган оммавий соғломлаштириш тадбирлари бу борадаги хайрли ишларни изчил давом эттириш, халқимиз саломатлигини асрашда муҳим омил бўлмоқда. Бу галги акция ҳам пойтахтимиз ва барча ҳудудларда уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Акция доирасида йирик тадбирлардан бири пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда ўтказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, турли давлат ва нодавлат ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари, фаол ёшлар 5 километрлик масофани пиёда босиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Translate: Рус