Сўнгги икки йил ичида мамлакатимизда хусусий тиббиёт муассасалари сони 1500 тага кўпайиб, ҳозирда уларнинг сони 5100 тага етди. Айни пайтда тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар оқимини кўпайтириш, инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тизими жорий этилмоқда.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди. Унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов ва Ли Донг Уклар иштирок этди.
Президентимизнинг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 10 майдаги “Давлат хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуни бу соҳадаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжатларга кўра соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш каби шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
— Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлаш кўзда тутилган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Камолхўжа Эшназаров. — Унга кўра, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тижорат банклари томонидан 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлган имтиёзли кредитлар 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1,0 фоиз миқдорида амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, юқорида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида, соҳада бирламчи аҳамиятга эга йўналишлардан бири бўлган гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳага қарийб 10 миллион АҚШ доллар миқдоридаги хорижий инвестиция киритилиши белгиланган.
Ҳозирги кунда ана шу янги тизим асосида гемодиализ, онкология, реабилитация ва кўп тармоқли тиббиёт марказларини ташкил этиш, марказлашган лаборатория хизматлари, электрон соғлиқни сақлаш тизимини, шунингдек, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш режалаштирилган ва ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш Агентлиги билан биргаликда тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридагилардан ташқари, давлат тиббиёт муассасаларининг асосий эътиборини даволаш ишларига қаратиш орқали тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида, тиббиёт муассасаларини қўшимча ва ёрдамчи функцияларини тадбиркорларга аутсорсинг асосида ўтказиш режалаштирилган.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш орқали давлат тиббиёт муассасаларида хусусий тиббиёт муассасалари учун тенг имкониятлар берилиб, инвесторларнинг давлат тиббиёт муассасаларига кириб, ҳамкорликда фаолият ташкил қилиш учун имконият яратиб беради.
Бу эса тиббиётнинг халққа янада яқинлашуви, маҳаллий тиббиёт муассасаларининг инфраструктурасини яхшилаш, тиббий жиҳозлар ва технологияларни халқаро талабларга мос равишда юксалтириш, кадрлар малакасини ошириш, бир вақтнинг ўзида беморларда давлат ҳамда хусусий тиббиёт муассасаларини танлаш имконияти, яъни қайси тиббиёт муассасасида даволаниш маъқул келса, ўша шифохонанинг хизматларидан фойдаланишга кенг йўл очади.
Манба: minzdrav.uz
Translate: Рус