1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИЛАР ВА МУРАББИЙЛАР БАЙРАМИ” МУНОСАБАТИ БИЛАН “УСТОЗ – ЭНГ МЎЪТАБАР, ЭНГ УЛУҒ ЗОТ!” ШИОРИ ОСТИДА БАЙРАМ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ.
Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш ҳалқимизга хос эзгу фазилатлардан. Ҳалқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, маърифат йўлида беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Шу муносабат билан Тошкент тиббиёт академияси Олий маълумотли ҳамшира факультетининг Хотин қизлар бошланғич ташкилоти ва Олий маълумотли ҳамшира факультети деканати томонидан академия профессор – ўқитувчилар жамоасига 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан “Устоз – энг мўътабар, энг улуғ Зот!” мавзусида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда олий маълумотли ҳамшира факультетининг энг иқтидорли фаол талабалари томонидан битилган шеърлар, гўзал рақслар, чиройли қўшиқлар тараннум этилди.
Тадбирни Тошкент тиббиёт академияси Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Т.А.Бобомуратов академияни профессор-ўқитувчилари ва бир пайтлар шу даргоҳда ишлаган, ҳозирда кексалик гаштини сураётган меҳнат фаҳрийларини муборакбод этиш билан очиб берди. Шунингдек, ТТА бош мураббийи О.М.Миртазаев, Ҳотин қизлар бошланғич ташкилоти раиси Л.Қ.Абдуқодировалар сўзга чиқиб, ўқитувчиларининг бугунги кунда эришаётган ютуқлари, ўқитувчилик касбининг шараф шони, “Устоз”нинг мўътабар, энг улуғ зот эканлигини эътироф этдилар ва намунали фаолият кўрсатаётган мураббийларни эсдалик совғалар билан тақдирладилар. Тадбирда давомида талабалар томонидан ўзбек саньати ва ўқитувчилик касбига оид бўлган куй – қўшиқлар ва рақслар ижро этилди. Байрам тадбири жуда кўтаринки рухда ўтиб, барча профессор-ўқитувчилар ва талабаларда катта таъсурот қолдирди.
Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими.