Жорий йилнинг 7 ноябрида Тошкент тиббиёт академияси ҳамда АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Маркази (CDC) ўртасида Меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди. Марказий Осиёда биринчи маротаба ўтказилган ушбу маросим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Атланта шаҳри (АҚШ) дан ташриф буюрган CDC раҳбарлари иштирокида кечди.
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш Марказларининг расмий ҳамкори бўлган ва Меморандум имзолаган илк университет номига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Тошкент тиббиёт академияси сазовор бўлди.
Ушбу тарихий маросимда ТТА жамоаси ва талабаларига қаратилган табрик нутқи билан:
– АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулотда ва мухтор элчиси жаноб Д. Розенблюм;
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Юсупалиев;
– CDC (Атланта ш., АҚШ) нинг тадқиқот ишлари бўйича директор ўринбосари профессор В.Капил;
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги раҳбарлари иштирок этдилар.
ТТА ва CDC ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик келажакда:
– Тиббий таълим ва тадқиқотлар соҳасида АҚШнинг етакчи университетлари ва тиббий марказлари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, CDC кўмагида АҚШдаги энг яхши илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкор ўрнатиш;
– Илғор ҳалқаро стандартлар талабига жавоб берувчи илмий-асосланган таълим модуллари ва фанларни ишлаб чиқиш орқали янги таълим дастурларини яратиш ва мавжудларини такомиллаштириш;
– АҚШ олимларининг тажриба ва амалиётига асосланган ҳолда илмий ишларни амалга ошириш механизмлари ва инновацион тамойилларини жорий қилиш орқали ТТА профессор-ўқитувчилари ва илмий ҳодимларининг илмий иш ва нашрларининг таниқлилиги, ҳалқаро миқёсда тан олиниши ва иқтибослик даражасини ошириш;
– профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий салоҳиятини ошириш ва тиббиёт фанининг клиник амалиётга интеграциясини такомиллаштириш орқали Тошкент тиббиёт академиясининг таълим жараёни ва тайёргарлиги сифатини ошириш;
– АҚШ нинг юқори импакт-факторга эга нуфузли илмий журналларида ТТАнинг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, докторант ва талабалари (бакалавриатура ва магистратура) томонидан ёзилган мақолаларни систематик тарзда нашр этилишини ташкиллаштириш механизмларини ишлаб чиқиш;
– ТТА университет журналининг таниқли илмий нашрлар халқаро базасига босқичма-босқич қўшилиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
– Тошкент тиббиёт академиясини халқаро миқёсда, хусусан, АҚШ да танилиши, академиянинг Марказий Осиёдаги дунёнинг нуфузли илмий марказлари билан кенг алоқаларга эга етакчи тиббиёт олийгоҳи сифатида шаклланишига ҳисса қўшишга имконият яратади.