“КЕЛИНГ ВАТАНИМИЗГА ҚАНОТ БУЛАЙЛИК” чорлови остида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий – техник институти билан ҳамкорликда тантанали тадбир ташкил этилди
Инсон дунёга келган жой унинг учун жондан азиз Ватани, аждодларнинг хоки тўкилган жой эса инсон учун бебаҳо неъматлардан ҳам қимматли ҳисобланади. Ватан – меҳр мурувват манбаидир. Она Ватанни асраб авайлаш, унинг тупроғини кўзимизга суриш, уни ҳимоя қилиш шу Ватанда яшаб улғаяётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Бу муқаддас туйғуни улғайиб бораётган ёш авлоднинг қон-қонига сингндириш, улар онгида ўчмас аланга этиб шакллантириш ҳозирги кундаги асосий вазифалардан биридир.
Шу муносабат билан 12 ноябр куни Тошкент тиббиёт академияси “Шифокор” спорт мажмуасида Тошкент тиббиёт академияси, Олмазор туман хокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий – техник институти билан ҳамкорликда академия талабаларининг ёрқин шиори “Келинг Ватанимизга қанот бўлайлик” чорлови остида маърифий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир асносида ёшларни Ватанга меҳр-муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш, Ватанга муносиб фарзанд бўлиш масъулиятини ошириш, уларни янада чуқур билим олишга, изланишга, интилишга ундаш, уларни турли ёт ғоялардан асраб авайлаш, инсон саломатлигига салбий таъсир этувчи гиёҳвандлик моддаларининг аянчли оқибатлари тўғрисида тушунчалар шакллантириш асосий мақсад этиб белгиланган.
Тадбирда Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Т.Н.Тешаев, “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокими Қ.Р.Шоназаров, Олмазор тумани маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи М.И.Ибрагимова, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бошқарма бошлиғи А.А.Рашидовлар сўзга чиқиб ҳозирги кундаги энг муҳим, долзарб вазифа-жамиятимиз аъзоларини аввалом бор, ёшларимизнинг эл-юрт, ҳалқ, миллат ва Ватан манфаатларини англаш, уларнинг шон-шуҳратини янада ошириш, илму – фанни ва маданиятни ҳамда санъатни гуллаб яшнатиш, мамлакат ҳавфсизлигини таъминлаш, ўтмишини, аждодларимиз бой меросини, тарихи, дини ва қадриятларини ўргатиш, уларни, умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборат эканлиги, ““Келинг Ватанимизга қанот бўлайлик” чорлови асносида талаба-ёшларни турли жиноятлардан, ёт ғоялардан, салбий одатлардан ҳимоя қилишга чақирув эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбирда ёшларни тарбиялаш каби маъсулиятли ва шарафли вазифаларни бажаришда самарали меҳнатларини ҳисобга олиб ТТА ректори Л.Н.Туйчиев, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Т.А.Бобомуратов, ёшлар билан ишлаш бўйича даволаш факультети декан муовини А.И.Хатамовлар, фаол талаба ёшларимиздан Тиббий педагогика факультети талабаси Ўктамова Динора, Даволаш факультети талабалари Анорбоев Исломбек, Шамсиев Шахзод, Юсупов Асрор, Юсупова Наргизалар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий – техник институти фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Тадбир доирасида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида “Китоб савдоси” ярмаркалари, талабалар томонидан чизилган “Гиёҳвандлик-аср кушандаси” мавзусидаги расм ва плакатлар намойиши ташкил этилди.
Тантанали қисмдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан тайёрланган ҳарбий парад, ҳарбий мусиқий чиқишлар, Тошкент тиббиёт академиясининг “Шифо-наво” бадиий хаваскорлик ансамбли иштирокчилари томонидан куй ва қўшиқлар намойиш этилди. Тадбир барчада катта таъссурот қолдирди.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими