Пойтахтимизда Қозоғистон тиббиёти кунлари бўлиб ўтмоқда. Мамлакатимизда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда қўшни мамлакат соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларидан иборат нуфузли делегация ҳам иштирок этишаяпти.
Ушбу тадбир доирасида Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, тиббиёт фанлари доктори Елжан Биртанов ҳар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг буйруғига биноан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги тиббий таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб шахсий ҳиссаси учун у Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори унвонига ҳам сазовор бўлди.
Айни пайтда Қозоғистон тиббиёт кунлари доирасида ушбу мамлакат мутахассисларининг тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги қизиқарли тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.