Биоэтика – беморларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Малика Абдуллахўжаева Рационализатор сифатида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб шу соҳага асос солган эди.
Ўзбек аёлининг инсониятга қилган шундай умрбоқий хизматлари ва бугунга қадар нафи тегиб келаётган илм ишлари кўп бора эътироф этишга арзийди.
У Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, Халқаро Патология Академиясининг Марказий Осиё бўлими Президенти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор, республика Патологик анатомия маркази директори, ХХ асрнинг энг кўзга кўринган 500 нафар олимларидан бири, “Меҳнат шуҳрати ” ордени соҳибасидир.
Малика Абдуллахўжаева Йирик патологоанатом сифатида Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида трансплантацион иммунологияни ривожлантириш орқали иммунологик патология равнақига катта ҳисса қўшди.
Натижада Тошкентда шу йўналишдаги илмий-амалий ишларни олиб борадиган Республика патологик маркази ташкил этилди.
Потологик анатомия маркази қурилишига шахсан ўзи бош қош бўлди. МДҲ давлатларида биринчи марта микроскопик телепатологиянинг телемедицинаси ташкил этилиб, биопсия бўйича Европанинг барча мамлакатларидаги шифокорлар билан консультация олиб бориш ва барча тиббиёт институтлари талабаларини дистанцион ўқитиш имкони туғилди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эксперти сифатида дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ўтган Халқаро конференцияларда ўнлаб маърузалари билан иштирок этган ўзбек олимасига АҚШнинг Калифорния штатида Фресно шаҳри фахрий фуқароси мақоми берилган.
У аввало ўз юртининг, истараси иссиқ жондан азиз ватандошларининг фахри эди…
Соғлиқни сақлаш амалиётига жаҳон стандартлари асосидаги замонавий усулларни жорий этиш, энг аввало инсонлар ҳақида қайғуриш дегани.
Республика патологик анатомия маркази илк тамал тоши қўйилган кундан ҳозирги давригача бўлган қизғин илмий амалий фаолияти давомида худди шу тенденцияга қатъий амал қилиб келади. Бунинг биринчи сабаби орамизда одамларга сидқидилдан хизмат қилиш, инсон ҳақида қайғуришни ўз виждони амрига айлантира олган фидойиларнинг борлигида.
– Ёшим олтмишдан ошди… ҳаётда кўп инсонларни кўрдим. Илмнинг машаққатли йўлларида неча бор йиқилиб, неча бор қайта турдим. Мен билган инсонлар орасида онамдек меҳрим тушган УСТОЗИМ Малика Абдуллахўжаеванинг ўрни бўлакча эди. Мен бу инсон билан учрашувимизни тақдирнинг менга ато этган мукофоти деб биламан. 40 йил унинг илмидан сабоқ олдим, 40 йил у кўрсатган йўлдан юрдим, 40 йил унинг одамларга қилган яхшиликларидан сабоқ чиқардим, – Тошкент тиббиёт Академияси доценти Исроил Умиров.
Дилором АБДУЛЛАХЎЖАЕВА, олиманинг қизи: – Мен ақлимни танибманки, уйимиз талабалар билан гавжум бўлган. Онам кеч соат олтида ишдан қайтиб уйга кирсалар, орадан бир соат ўтиб, 7 да шогирдлар кириб келишарди. Ўшанда саккиз ёшда эдим. Мен уларнинг савол-жавоблари, гапларининг мазмунини тўлиқ тушунмасам-да, онамнинг уларга ўта меҳрибонлигини ҳис этиб турардим. Балоғат ёшига етганимдан сўнг онамнинг сирдоши ва маслакдошига айландим. Мени ҳамиша унинг меҳри дарёлиги ҳайратга соларди. Кафедрада, ишда, яқин қариндошлар орасида у ҳамиша масъулиятни ўз зиммасига оларди. Қўлидан келадиган иш бўлса, бировнинг ҳожатини чиқариб ёрдам беришни ўз бурчи ҳисобларди.
– Мен меҳнат таътилига чиқишга қўрқардим, нега биласизми, яна суҳбатимизга қўшилади Исроил Умиров – Сабаби, дам олган пайтимда устозим Малика опа менга нотаниш бўлган илмий терминларда гапира бошласа, ҳеч нарсага тушунмаяпман, дейишдан уялардим. У доим ўз илмини ошириб боргани учун ҳам дунёдаги етакчи клиника олимлари билан уларнинг тилида бемалол баҳсга кириша оларди. Замонавий патологик анатомиянинг дунё миқёсида қандай тараққий топишини ҳар бир маърузасида чуқур илмий салоҳият, пухта билим, замонавий илмий қарашлар билан исботлаб берарди. Хорижий мамлакатларда ўтказилган ўнлаб-юзлаб халқаро анжуманларда соф инглиз тилида патологик анатомия ва тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган илмий маърузалари билан иштирок этиб, илм аҳлини, хорижлик ҳамкасбларини ҳайратга солганига гувоҳ бўлганман.
Устозимнинг шарафли номи дунё олимлари орасида ҳалигача катта ифтихор билан тилга олинади. АҚШ, Швейцария, Болгария, Венгрия, Италия, Белгия, Югославия давлатларида чоп этилган илмий мақола ва рисолалари эса хорижий тиббиёт муассасаларида ишончли манба сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Тиббиётимиз равнақига улкан ҳисса қўшган олима Малика Абдуллахўжаеванинг фаолият йўлидаги ютуқлари:
• Хотин-қиз талабалар орасида биринчилардан бўлиб Давлат стипендияси соҳиби бўлган.
• Патологик анатомия фани бўйича биринчи фан доктори, профессор.
• Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги мамлакатларидан чиққан энг биринчи ва яккаю ягона Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти(ВОЗ) илмий маслаҳатчиси, эксперти ва муваққат маслаҳатчиси.
• Халқаро Патология Академияси Марказий Осиё бўлимининг биринчи президенти.
• Республика Патологик анатомия маркази ташкилотчиси, биринчи директори.
• Америкадаги Халқаро Биография институти томонидан ХХ асрнинг энг буюк 500 алломаси сафига киритилган биринчи ўзбек олимаси.
• Кембридж илмий маркази мутахассислари томонидан 1998 йилнинг энг салоҳиятли аёли унвонига сазовор бўлган биринчи ўзбек аёли.
• 1998 йил бўйича Халқаро Биография институти чоп этган халқаро интеллектларнинг “Ким аслида ким?” китобининг 13-босмасига таржимаи ҳоли киритилган ва фандаги ҳамда ижтимоий ҳаётдаги алоҳида ютуқлари учун олтин медаль билан тақдирланган биринчи ўзбек аёли.
• Малика Абдуллахўжаева 15 та монография, 250 дан ортиқ илмий мақолалар,15 та тематик тўплам, 7 та муаллифлик гувоҳномаси, тиббиёт тарихига бағишланган 2 та дарслик ва врачлар учун мўлжалланган битта қўлланма яратган. 1997 йилда тиббиёт институтларининг 3-курс талабалари учун илк маротаба 2 жилдлик “Одам патологиясининг асослари” дарслигини ўзбек ва рус тилларида чоп эттирган.
Таниқли олима, самимий устоз Малика Абдуллахўжаева 2018 йилнинг 26 июнида Тошкент шаҳрида 86 ёшида вафот этган.
Бугун бўлиб ўтган Республика миқёсидаги илмий амалий анжуманда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги энг мураккаб ва масъулиятли соҳа патологик анатомия йўналишининг энг етакчиларидан бири – Малика Абдуллахўжаеванинг мазмунли умр йўли, қизғин меҳнат фаолиятига алоҳида урғу берилди.
Анжуманда марказ директори, профессор Ражаббой Исроилов, ҳамда Собиржон Худойназаровларнинг маърузалари эшитилди.
Республикамиздаги врач патологоанатомлар Ўзбекистон патологоанатомлари ассоциациясига аъзоликка қабул қилиндилар.
Қайсидир маънода эгалланган илм, орттирилган тажриба янада кенгроқ маконга кўчди. Қачонлардир тамал тоши қўйилган эзгу режалар янги кўринишда, замонавий ёндашув билан яна ҳаракатга кирди…
Гулчеҳра МИРЗАЕВА, журналист