Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Янгиланаётган Ўзбекистон учун янги авлод кадрлари” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этилган анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Канада, Япония, Австралия, Жанубий Корея каби ривожланган 18 давлатдан келган 300 дан зиёд “Умид” жамғармаси битирувчилари иштирок этди.
Конференцияни ўтказишдан мақсад, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш, истиқболдаги режаларнинг самарали ижроси юзасидан экспертлар фикрини ўрганиш, жамиятни янада демократлаштириш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборатдир.
Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Шерзод Кудбиев ва Абдужаббор Абдувоҳидов сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, табиий, иқтисодий, тарихий ва маданий жиҳатдан юксак салоҳиятга эга Ўзбекистон инсон ресурсига бой. Бу борада ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжуд. Мазкур конференция янги 2020 йил бошида ташкил этилгани янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётига янги куч – билимли, тажрибали, етук кадрларни жалб этишда ўзига хос рамзий маъно касб этади.
Мазкур анжуман “Умид” жамғармаси битирувчилари ўртасида доимий алоқа ўрнатиш учун ўзига хос платформа сифатида ташкил этилди. Анжуманга тайёргарлик кўриш жараёнида дунёнинг турли давлатларидан 600 дан зиёд киши «http://conference.eyuf.uz» сайти орқали рўйхатдан ўтгани конференцияга қизиқишнинг юқори эканини яна бир бор тасдиқлади.
Ушбу форматдаги мулоқот “Эл-юрт умиди” жамғармаси мақсадларига ҳамоҳангдир. Ёшларнинг чет элда таълим олиши, билим ва тажрибасини юрт равнақи йўлида қўллаши учун ҳам қулай шарт-шароит яратади.
– Шу юрт фарзанди сифатида Ўзбекистондаги ўзгаришларни доимий кузатиб бораман, – дейди конференция иштирокчиси, АҚШнинг “АХА Group” компанияси катта менежери Аробиддин Тўрахонов. – Ўзбекистонда кечаётган ижобий жараёнлар менда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самараларини бераётганини қайд этишни истардим. Ушбу жараёнга мен ҳам муносиб ҳисса қўшиш истагидаман. Мазкур конференция доирасида ўзим фаолият юритаётган “АХА Group” ва АҚШнинг яна бир молиявий компаниясини Ўзбекистонга олиб кириш бўйича мулоқот олиб бориш имкониятига эга бўлдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди. Унга 1997-2003 йилларда фаолият юритган ва 828 истеъдодли ёшларнинг бакалавриат, магистратура йўналишлари бўйича хорижда таҳсил олишини молиялаштирган “Умид” жамғармаси негизида асос солинди. Эндиликда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия дастурлари йўналиши ва мақсадлари сезиларли даражада кенгайган. 2018 йили тўрт турдаги таълим дастури бўйича 375 йигит-қиз хорижий олий ўқув юртларига ўқишга юборилган бўлса, 2019 йилда таҳсил олувчилар сони 605 кишига етди. Жамғарманинг 2020 йил учун мўлжалланган таълим дастурида 1000 нафар талабани қамраб олиш белгиланган.
Бугунги кунда жамғарма битирувчиларининг 5 нафари мамлакатимизда вазир лавозимида муваффақиятли фаолият юритаётир. Бу эса “Умид” ва унинг негизида ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг мавжуд салоҳияти, шу билан бирга, ишга солинмаган улкан имкониятга эга эканидан далолат.
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар кутилган натижани бериши учун юқори салоҳиятга эга мутахассисларга эҳтиёж бор, – дейди Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори Ш.Кудбиев. – Давлатимиз раҳбарининг ушбу тадбирни ўтказиш ғояси ҳам шу мақсадга қаратилган. Бир вақтлар “Умид” жамғармаси юзлаб иқтидорли йигит-қизларнинг ёруғ келажагига йўлланма берганди. Бугун эса давлат уларга бор салоҳиятини юзага чиқариш учун барча имкониятларни тақдим этишга тайёр.
“Умид” жамғармаси биринчи стипендиатларининг 83 фоизи иқтисодиёт, ҳуқуқ ва ижтимоий соҳалар бўйича мутахассисликка эга. Бугунги кунда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида давом этаётган ислоҳотлар шароитида мамлакатимиз учун бу каби кадрлар муҳим аҳамиятга эга.
Анжуман дастурига кўра, иштирокчиларга “Янгиланаётган Ўзбекистон – бугунги орзулар, режалар ва эртанги истиқболлар” мавзусида видеоролик намойиш этилди. Хориждан ташриф буюрган меҳмонларга мамлакатимизда рўй бераётган чуқур ва изчил ўзгаришлар, юртимизда мавжуд имкониятлар, яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Конференция ялпи мажлисида «Умид» жамғармаси битирувчилари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман ўз ишини шўъба йиғилишларида давом эттирди. Муҳокамалар 5 бўлимда, савол-жавоб тарзида ташкил этилди. Уларда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилиш, таълим соҳасини ривожлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш масалалари, мамлакатнинг инновацион ривожланиш стратегияси ва унинг афзалликлари, қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш истиқболлари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Конференциянинг биринчи кунида, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларига чет эл инвестициялари, илғор инновацион ечим ва технологияларни жалб этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: УзА