ЮРТИМИЗГА КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИНИНГ КИРИБ КЕЛГАНЛИГИ ҲАҚИДАГИ ХАБАРЛАР ЁЛҒОН

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент тиббиёт академияси эпидемиология кафедраси ўқитувчилари коронавирус билан касалланиш тўғрисида талабаларга маълумот беришди деб  тарқатилган хабар мутлақо нотўғри. Кафедра ходимлари коронавирус инфекцияси Тошкентга кириб келди, ўлим холатлари бор деб талабаларга ҳеч қандай маълумот бермаган.

Саволлар билан Эпидемиология кафедрасига (71) 214-59-41, телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.

 

 Ҳозирги  пайтда, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотига кўра, Хитой халқ республикасида коронавируснинг янги типининг эпидемияси юзага келган.

Хитой халқ республикасининг ҲТСҚ-2005 Миллий координатори маълумоти бўйича, 2020 йилнинг 29 январь тонгги ҳолатидаги маълумотларга кўра, Хитойда 5000 ҳолатда коронавирус касаллиги аниқланган, улардан 132 нафар инсон вафот этган.

Шунингдек, касаллик Гонконг, Михико, Конада, Сингапур, Австралия, малайзия, Германя, Таиланд, Япония ва Жанубий Корея каби давлатларда аниқланган. Ухан шаҳрида ўтказилган эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги маълум бўлган.

Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишидан шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра, айрим ҳолатларда беморларнинг ўпкалари шикастланган. Коронавирус инфекциясининг асосан ҳайвонлардан юқиши тахмин қилинган. Бугунги кунда эса ушбу касалликнинг одамдан-одамга юқиши маълум бўлган ва 14 нафар тиббиёт ходими ҳам мазкур хасталикни юқтириб олган.

Хитойда пайдо бўлган сирли короновирус Япония ҳудудида хам пайдо бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, у бир кишида аниқланган. Бу ҳақда Kyodo News хабар берган.

Япония Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу вирус Канага ва префектурасида истиқомат қилувчи 30 ёшли хитой миллатига мансуб кишида учраган. Аниқланишича, у Японияга Хитойнинг Ухань шаҳридан келган. Уханда унинг ҳарорати кўтарилиб кетган, лекин шундай бўлишига қарамай, Японияга келишга муваффақ бўлган ва шу ердаги шифохоналардан бирига ётқизилган. Беш кунлик даволанишдан сўнг, шифохонадан чиқарилган. Ҳозир унда фақат йўтал асоратлари сақланиб қолган. Япония ҳукумати ушбу касаллик ҳақида маълумот тўплаш мақсадида махсус штаб ташкил этди.

Жорий йилнинг 11 январь куни Хитойнинг Ухань шаҳрида ушбу вирусга чалинган илк одам вафот этди. Расмий маълумотларга кўра, Хубэй провинциясида ана шундай коронавирусга чалинган 59 киши аниқланган. Касаллик аломатлари Таиландда ҳам қайд этилгани айтилмоқда.

Коронавирусли инфекция (Coronavirosis) Коронавирусли  инфекция (КВИ)- ўткир  респиратор  касаллик  бўлиб,  у юқори нафас йўлларининг яллиғланиши ва суст намоён бўладиган умумий заҳарланиш  белгилари  билан  кечадиган  касалликдир. Коронавирус этиологияли ўткир респиратор касалликлар 5-10% ҳолда учрайди.

Этиологияси. Касаллик РНК-сақловчи, катталиги 80-220 нм га тенг келадиган коронавируслар томонидан чақирилади. Коронавирусларнинг 4 хил  антигени мавжуд. Вируснинг ташқи қобиғи ворсинкалар билан қопланган. Бу ворсинкалар орқали вирус ҳужайрага бирикади (шунинг учун бу вируслар оиласи Cоrоnоviridae деб номланади.). Вируслар юқори нафас йўллари эпителийсининг цитоплазмасида кўпаяди. Бу вирус ҳужайра ичига киргач 4-6 соатдан кейин кўплаб вирионларни ҳосил қилади. Коронавируслар ташқи муҳитга чидамсиз. Улар ўзининг ташқи қобиғида бемор қонидаги ҳамда гипериммун зардоб таркибидаги комплементни боғлаб олади.

ЭпидемиологиясиАсосий инфекция манбаи ёввойи ва уй ҳайвонлари, ҳамда бемор одам ҳисобланади. Касаллик ҳаво – томчи йўли орқали юқади.

Ушбу касалликка қарши бугунги кунда вакциналар ишлаб чиқилмаган.

Иккиламчи юқтириш ҳолатлари (бемордан-соғлом одамга) тиббиёт ходимлари ва беморлар оила аъзолари ўртасида кузатилган. Барча ҳолатларда инфекция бемор билан яқин мулоқотда бўлган шахсларда кузатилган.

Касаллик ер юзида кенг тарқалган бўлиб катта ёшдаги инсонларнинг 80% ида вирусга қарши антителонинг борлиги аниқланган. Мавсумга қараб коронавирус инфекцияси барча юқори нафас йўллари касалликларининг10-35% ини ташкил қилади. Коронавирус инфекцияси  кузнинг охири, қиш ва баҳорнинг  бошларида (риновирусли инфекция кам учраганда) кўп учрайди.

Клиникаси: Касаллик клиникаси вирус юққандан сўнг 2-4 кун ўтгандан кейин намоён бўлади. Касаллик ўткир, тана ҳароратининг ошиши, яққол ривожланмаган умумий заҳарланиш белгилари билан бошланади. Шунингдек, болаларда нафас олганда кўкрак қафасида оғриқ, йўтал, қуруқ ҳуштаксимон хириллашлар эшитилади. Коронавирус  инфекцияси ўткир пневмония билан асоратланиши мумкин.  Кўкрак қафаси рентгенографиясида ўчоқли ёки интерстициал инфильтратлар аниқланади. Оғир  ҳолларда нафас олиш аъзолари фаолияти ёмонлашиб, иккинчи  ҳафтада касаллик респиратор дистресс-синдром ривожланиши, катталарда  бу  турли  аъзолар дисфункцияси билан кузатилиши мумкин. Баъзан бўйин лимфа тугунлари катталашади. Коронавирус  инфекциясининг ўткир гастроэнтерит кўринишида кечиши ҳам аниқланган. Бу касаллик1-3 кун давом этади ва бемор тўлиқ тузалади.

Коронавирусли инфекцияларнинг ташхис таянч белгилари:

– гуруҳли касалланиш, асосан бир оила вакиллари ёки болалар орасида;

– мавсумийлик– қиш ва баҳор фасллари;

-яширин даври- 2-4 кун;

-касалликнинг  ўткир  бошланиши;

-етакчи  симптомокомплекс-интенсив ринит, баъзида ларинготрахеит белгилари ривожланиши мумкин;

-доимий бўлмаган иситма, кам ифодаланган умумий заҳарланиш белгилари;

-касаллик кечиши ўткир, давомийлиги 1-3 кун.

Кўпинча короновируснинг янги тури (NCoV) ўртача оғир ҳолатда кечади. Лекин хавфли гуруҳларда ушбу касаллик оғир кечади ва асоратлар вужудга келиши мумкин. Касалликни оғир кечиши кузатиладиган хавфли гуруҳларга куйидагилар киради: ҳомиладор аёллар, айникса  III-декадасида, туғишдан кейинги даврдаги аёллар, болалар ва катта ёшдаги одамлар (икки ёшдан кичик ва 65 ёшдан юқори), ортиқча вазнли беморлар ҳамда сурункали касалликлари мавжуд беморлар (ўпка касалликлари, бронхиал астма, сурункали бронхит, юрак-қон томирлари касалликлари, қандли диабет ва бошқалар).

Касалликни олдини олиш қоидалари

  • Коронавирус келтириб чиқарадиган касалликлар қайд этилган давлатларга боришдан олдин эҳтиёт чоралари билан батафсил танишиш.
  • Тирик ҳайвонлар билан савдо қилинаётган бозорларга ташриф буюрувчилар, ҳайвонлар ёки унинг маҳсулотлари билан мулоқатда бўлувчи шахслар мунтазам равишда умумий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади, айниқса ҳар бир мулоқотдан сўнг қўлни совунлаб ювиш тавсия қилинади, ювмасдан қўл билан юз, оғиз ва бурунни ушлаш маън этилади.
  • Номаълум ва касалланган ҳайвонлар, шунингдек уларнинг хом ашёлари билан мулоқот қилмаслик талаб этилади.
  • Бозорлар, дўконлар биноларида, ҳамда очиқ майдонлардаги тупроқларнинг ҳайвон чиқиндилари билан ифлосланган жойлар билан мулоқотда бўлмаслик талаб этилади.
  • Пиширилмаган ва чала пиширилган ҳайвон гўшти хамда уларнинг маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади.
  • Умуман хом гўшт, сут ва ҳайвон ички аъзолари маҳсулотлари билан мулоқотда эҳтиёт чоралари кўрилиши шарт.
  •  Юқоридаги қоидаларга айниқса, бозорлар ва молларни сўйиш пунктларида ишловчилар ҳамда ветеринария ходимлари қатъий риоя этишлари шарт.
  • Ишловчи ходимлар иш жараёнида ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп билан ишлаши талаб этилади. Ишлатилган ҳимоя кийимларини хар куни зарарсизлантириш талаб этилади ва уйдагилар ушбу анжомлар билан мулоқотда бўлмасликлари шарт.
  • Овқатланишдан олдин ва кўчадан келганда қўлларни совунлаб ювиш талаб этилади.
  • Тирик ҳайвонларни сотиш жойларида, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилувчи жойларда, намлиги юқори бўлган савдо жойларида мунтазам равишда дезинфекция ишлари олиб борилиши талаб этилади.

● Юқори нафас йўллари ўткир касалликларига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганда касаллик юқишининг олдини олиш мақсадида тиббий ниқобдан фойдаланиш шарт.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan