Жорий йил 29 январ куни Тошкент тиббиёт академиясининг кенгайтирилган Илмий Кенгаши мажлисида 24 январ куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган асосий масалалар муҳокама қилинди. Мурожаатномада белгиланган вазифалар бўйича ТТАнинг чора-тадбирлар режаси эълон қилинди ва ҳар бир кафедра жамоасига Мурожаатномада илгари сурилган муҳим масала ва вазифалар бўйича чора-тадбирлар режасини тузиш вазифаси топширилди.
Муҳокамада академия ректори Лазиз Туйчиев Мурожаатномадаги таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа шу каби масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Жумладан, 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном бериши мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган таълим, илм-маърифат ва инновацион технологиялар ривожи, халқимиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси сифатида шакллантириш борасида қилинаётган ишларни янада ривожлантиришга туртки бўлади.
2020 йил ва кейинги йилларда жамият соҳаларида амалга оширилиши зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифалар, жумладан, олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, миллий тест тизимини яратиш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, давлат грантини икки бараварга кўпайтириш каби таклиф-ташаббуслар Ватанимиз ва халқимизнинг равнақига хизмат қилади.
Мурожаатномада ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси ҳозир 20 фоизга тенг бўлса, 2020 йилда камида 25 фоизга, келгусида эса 50-60 фоизга етказилиши, олий ўқув юртларига талабалар қабул қилишда давлат грантлари 2 баробарга кўпайтирилиши, қизлар учун қабул квоталарида алоҳида грантлар ажратилиши тўғрисидаги вазифаларни белгиланганлиги ҳақида батавсил тўхталиб ўтилди. Қизларимиз учун алоҳида квоталар ажратиш, жамиятда хотин-қизларнинг нуфузини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш жуда муҳим. Тошкент тиббиёт академияси мисолида кўрадиган бўлсак, 2010-2011 ўқув йилида талаба қизларнинг сони 2335 нафар (талабаларнинг 45 фоизи)ни ташкил этган бўлса, 2018-2019 ўқув йили 2235 нафар (36 фоиз), 2019-2020 ўқув йили 2022 нафар (38 фоиз) талаба қизлар тахсил олишмоқда. Бундан кўриниб турибтики, мурожаатномада кўтарилган масала: жамиятда хотин-қизларнинг нуфузини янада ошириш жуда муҳим.
Бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган ишларни амалга оширилиши вазифаси белгиланди. Жумладан, 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этиш каби ишлар, шунингдек, “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиш, жамиятимизда аҳоли, айниқса, ёш йигит-қизларимизнинг маънавий ва маърифий савиясини доимий юксалтириш – биринчи даражали аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламларида соҳа бўйича энг яхши мутахассисларни жалб қилиш орқали мажозий маънода “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш зурурлиги, жамиятни ушбу иллат билан оммавий касалланганини, уни бартараф этиш учун эса катта куч, катта салоҳият ва кенг ваколатлар билан кураш олиб боришимиз лозимлиги ҳақида фикр алмашилинди.