Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий-кадрлар бошқармаси томонидан тизимдаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Олий ва ўрта махсус, профессионал таълим тизими профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича
ТАВСИЯЛАР
Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вақтида барча олий ва ўрта махсус, профессионал таълим тизими профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимларинингмаксимал даражада уйда қолишларини таъминлаш мақсадида уларнинг фаолияти самарали ташкил этилиши лозим.
Бунда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:
1. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/5-сон буйруғи билан тасдиқланган (Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 28 мартда 3228 рақам билан рўйхатдан ўтказилган) “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом”га қатъий амал қилиш;
2. Масофавий таълим жараёнига жалб этилган профессор-ўқитувчилар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётганлар ва ишчи-ходимларни меҳнат қонунчилигига асосан уларнинг розилигига кўра белгиланган тартибда таътилдан чақиртириб олиш ҳамда масофавий иш режимига ўтказиш;
3. Масофавий иш режимига ўтказишда профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларнинг розилигига кўра меҳнат шартномаларига тегишли ўзгартириш киритилган ҳолда олий таълим муасссасаси ректори томонидан масофавий иш режимига вақтинчалик ўтказиш ҳақида карантин даври ҳисобга олиниб, муддати кўрсатилган буйруқ қабул қилиш;
4. Ўқув йили давомида ўқув юкламаларини бажариб бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил8 октябрда 3076 рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва “устоз-шогирд” ишларини белгилаш қоидалари”га мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга оширилишини таъминлаш;
5. Масофавий иш режимига ўтказиш имконияти бўлмаган айрим тоифадаги ходимлар (шу жумладан, техник ва хизмат кўрсатувчи ва бошқа шу тоифадаги ходимлар)ни мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказиш ёхуд заруратга кўра айрим ходимларнинг фаолиятини давом эттиришлари учун марказлашган тартибда ва карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда ишга келишларини ташкил этиш;
6. Меҳнат таътилининг бир қисмини олган профессор-ўқитувчилар таътилининг қолган қисмини одатда бериладиган ёз ойларида режалаштириш;
7. Профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари бузилишига зинҳор йўл қўймаслик учун барча зарур чораларни кўриш;
8. Мазкур масалаларда юзага келадиган саволлар бўйича олий таълим муассасаси, ташкилотлар, ҳудудий бошқармаларнинг раҳбарлари, кадрлар бўлими бошлиқлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ташкилий-кадрлар бошқармасига мурожаат этишлари мумкин.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Ташкилий-кадрлар бошқармаси