ШОИРЛАР ФАЙЛАСУФИ ВА ФАЙЛАСУФЛАР ШОИРИ РУҲИГА ЭҲТИРОМ

“Абдулла Орипов феномени назм ва
насрдаги камёб ҳодисалардан биридир”

Абдусаид Кўчимов,
Ўзбекистон халқ шоири

Миллатпарвар, юртпарвар давлатимиз раҳбари томонидан юрт тараққиётига, илм-фанга беқиёс ҳисса қўшган олимлар, фозиллар ва мутафаккирлар таваллудларини давлат миқёсида нишонлаш тўғрисида кўплаб қарорлар қабул қилинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 2 декабрида юртбошимизнинг “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу қарорга кўра, 2021 йил март ойининг охирги ўн кунлигида улуғ мутафаккир, файласуф шоир таваллудининг 80 йиллигини давлат миқёсида тантанали нишонлаш кўзда тутилган.

Абдулла Орипов феномени устоз шоир Абдусаид Кўчимов ёзганидек камёб ҳодисадир. Ўзбек шеъриятида унинг фалсафаси кенглиги, теранлиги, мушоҳадаларга бойлиги ва ўзига хос ижодий йўлини фақат улуғ валиюллоҳ Бобораҳим Машраб ижодига муқояса қилиш мумкин. Зеро, ҳар бир шеърда ибтидо ва интиҳо, кун фа яқун, сабаб ва оқибат, тасодиф ва қонуният, инкорни инкор этиш қонуни каби фалсафий концепцияларни назм ва наср усулида баён этиш, инсон ички дунёсини баайни ўткир руҳшунослардек баён эта олиш лаёқати камдан-кам шоир ва ёзувчилар чекига тушган. Абдулла Орипов айнан ана шундай ноёб иқтидор, муқобили кам салоҳият соҳибларидан бири эди.

Абдулла Орипов умри мобайнида баайни шайх Жалолиддин Румий каби миллати, дини, эътиқоди, жинси, ёши ва ирқидан қатъий назар инсонни тараннум этиб яшади.  Маҳаллийчилик, ичиқоралик, ҳасадгўйлик бу улуғ инсон учун ёт туйғулар эди. Мен 1996 йили устознинг бевосита хайрихоҳлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинган кундан токи ҳаётларининг сўнгги йилларигача устоз – шогирдлик анъаналарини давом эттириб, суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Устоз “Миллати, ирқи, жинси, динидан қатъий назар одамлар икки турга бўлинади: Инсонлар ва ноинсонлар”, деб таъкидлашни яхши кўрар эдилар. Ўзлари ҳам ана шундай ноинсонларнинг айримларидан азият чеккан ҳолларини гапириб берган, уларнинг айримларини “Мен кўрган улуғлардан” китобимга киритганман. Устознинг “Жаннатга йўл” драматик достони жаҳон адабиётининг энг нодир асарларидан бири сифатида эътироф этилган.

Дунёнинг бу майда ташвиши нечун,

Бари ўткинчидир, бари нокерак.

Тариқдай заминнинг устида беун,

Яшаб ўтди шундай буюк бир юрак.

Ёки

Шу дам туйғуларга тўлади кўнглим,

Титраб тарашлайман қаламим учин.

Тонг ҳам ёришмоқда, эй менинг умрим,

Бунчалар шиддат-ла шошасан нечун.

Хазонлар шошади, шошаман мен ҳам,

Дўстим, қучоғимга шошиб кел сен ҳам, каби ўлмас мисраларни ёзиш учун инсон ё Абдулла Орипов ёки Машраб бўлиши керак, учинчи варианти берилмаган.

Охирги ўн йилликда илму фанимиз, адабиётимиз кўплаб улуғлардан жудо бўлди. Ҳазрат шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов… Улар қаторида устози комил Абдулла Ориповни қисқа сатрларда эсладик. Ўзлари устозларига атаб ёзганларидек:

Марҳум устозларим –

Аҳли шуаро,

Руҳимнинг оҳанги –

суруридасиз.

Бирингиз китоблар бағридасиз жо,

Бирингиз Чиғатой ҳудудидасиз.

Алижон ЗОҲИДИЙ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси

Қутбиддин НИЗОМОВ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan