Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумига ташриф буюриб, мамлакатимизда биринчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман билан барчани табриклади, ҳамда ўз нутқида Учинчи Ренессанс, ёш волонтёрлар фаолияти, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент тажрибаси, «Ёшлар: 1+1» дастури, Ёшлар кичик саноат зоналари, «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси, тадбиркорликка ўқиган ёшларга 4 фоизлик кредитлар, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа мавзуларга тўхталди. Мазкур форумда иштирок этган Тошкент тиббиёт академияси иқтидорли талабаларининг таассуротларини сиз билан ўртоқлашамиз.
Эшназаров Шахзод –Тошкент тиббиёт академияси Тиббий педагогика факультети талабаси.
-Куни кеча пойтахтимиз марказида жойлашган мухташам “Хумо арена” саройида мамлакатимизда илк бор мухтарам президентимиз иштирокида Ёшлар форуми бўлиб ўтди. Ушбу форумда бошқа тенгдошларим қатори мен ҳам иштирок этдим. Мазкур форумдан таассуротларим жуда ҳам улкан. Ушбу таассуротларимни сиз билан баҳам кўрмоқчиман. Форум орқали мамлакатимиз ёшларига жуда ҳам кўп имкониятлар, улкан шароитлар яратилганлигидан тўлқинландим. Мана шу биргина учрашув менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Мен ватанимиз тараққиёти учун бор куч-ғайратим ва билимимни сарфлашга, яратилган имкониятлардан янада самаралироқ фойдаланишга, керак бўлса барча ёшлар бир бўлиб ватанимизга қанот бўлишга, келажагимиз устуни бўлишга тайёрлигимизни англаб етдим. Мухтарам президентимизнинг биз ёшлар учун жонкуярлик билан қилаётган ҳаракатларини қадрлашимиз лозим. Президентимизнинг ОТМга кириш имтихонида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшларга “Президент стипендия”си берилиши, IELTS, TOEFL, GMAT ва SAT каби имтихонларда максимал баллнинг камида 75% тўплаган ёшларнинг имтихон харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши, ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштирилиши учун 100 млн. доллар ажратилиши, ёшлар кичик саноат зоналарининг ташкил этилиши каби биз учун қилинаётган улкан имкониятлар мамлакатимизда ёшларга бўлган юксак эътибор нишонасидир. Биз ёшлар бундай юксак эътибордан жуда ҳам мамнунмиз. Бизга бўлган бундай эътибор келажакда дадил қадам ташлашимиз учун бизни яна ҳам руҳлантирди ва куч-қувват бағишлайди.
Ўктамова Динора Зафар қизи –Тошкент тиббиёт академияси Тиббий педагогика факультети талабаси.
-25 -декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумига Президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, мамлакатимиздаги ёшларни қўллаб-қувватлаши, билдирган фикрлари ҳамда ёшлар учун яратилган янги имкониятлар тўғрисидаги фикрлари менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Айниқса, икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилиши, бу кредитларни ёшлар ОТМни битириб, ишлашни бошлаганларидан кейин узиши мумкинлиги, шунингдек, 2021 йилдан ОТМларга кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилиши бугунги кунда ёшларга берилаётган имкониятларнинг юксак ифодасидир. Мазкур форумда иштирок этганлигим ватанимизга, президентимизга нисбатан юксак ҳурмат ва фахр бағишлади. Берилган имкониятларни қадрлаган ҳолда мамлакатимиз келажаги, тиббиёт соҳаси ривожи учун бор билим ва куч- ғайратимни ишга солишга ахд қилдим.
Мухиддинова Фазилат- Тошкент Тиббиёт Академияси Халқ табобати
факултети 1-курс талабаси.
-Кеча Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирокида илк бор Ўзбекистон Ёшлари Форуми бўлиб ўтди. Ушбу ажойиб форумда мен ҳам қатнашиб жуда катта таассуротларга эга бўлдим ва ҳаётимда унутилмас бир бурилиш бўлди десам муболаға бўлмайди. Чунки юртбошимиз томонларидан биз ёшларга берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароит ва тақдим этилаётган имкониятлар бизларни янада кучли шижоат, ғайрат, фахр ва ифтихор ҳисси билан билим олишга, нафақат билим олиш балки уларни амалда қўллаб жаннатмакон юртимиз Ўзбекистонни бутун дунёга танитишга, ватанимиз равнақи йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қилишга ундайди. Муҳтарам Президентимизнинг нутқ аввалида айтиб ўтган гаплари ўйлайманки ҳар бир ёшнинг қалбида ўчмас из қолдирди:
-“Мен ҳар гал ёшларимиз билан учрашганимда сизларнинг ғайрат-шижоатингиздан куч-қувват оламан, кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳар бирингиз жонажон Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиш орзуси билан ёниб яшаётганингизни яхши биламан. Сизларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида қадрлайман”.
Айниқса, ушбу форумда Ўзбекистон чемпиони бўлган қизнинг эндиги навбатда Зулфияхоним мукофоти учун ҳаракат қилмоқчилигини айтганда, Президентимизнинг олийжаноблик ила уни қўллаб-қувватлаб, ўша дақиқанинг ўзида тенгдошимизнинг орзуларини рўёбга чиқариб, ушбу мукофотни унга тақдим этиш тўғрисидаги қарорни имзолашларини айтганларида у қизнинг қувончи мени ҳам янада руҳлантирди. Менинг ҳам Ўзбекистонда тиббиётни ривожлантириш унга чет эл инвестициясини киритиш борасидаги ўз мақсадларим бор. Ундан ташқари олдимга жуда кўп мақсадлар қўйганман уларни амалга ошириш йўлида бор кучим билан ҳаракат қиламан ва юртимизни Худо хоҳласа бутун дунёга танитаман. Мана шу форум орқали мен ўзимга янги дунёни кашф этдим ва мен ишонаманки яна озгина фурсатдан сўнг биз ёшлар Ўзбекистонимизни ҳар соҳада энг юқори чўққиларга олиб чиқамиз ва бизнинг мана шундай гўзал, фахрланадиган ягона мамлакатимиз борлигини барчага исботлаймиз.
Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими