ШАРАФЛИ МАҚСАДЛАРГА БАХШИДА УМР

Илму маърифат зиёсини тарқатиш савобли амал. Бундай шарафли вазифани ўз зиммасига олган кишининг даражаси ҳам беқиёс. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устознинг хаққига дуо қилиб турар экан. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган юлдузлардир. Улар туфайли одамлар саодатга етказувчи тўғри йўлни топадилар. Мухтарам устозимиз Ҳамид Каримов билан дафъатан учрашган одам у инсондаги камтарлик ва вазминлик, сиполик ва доноликни сўзсиз эътироф этади. Яратганнинг ўзи у кишига ато этган сермазмун умрни таълим, илм-фан тараққиётига, инсон саломатлигини мухофаза этишдек шарафли мақсадларга  бахшида этиш, машаққатли тинимсиз халол меҳнат эвазига эл-юрт, ҳамкасабалар, шогирдлар орасида яхши ном, обрў-эътибор орттириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Инсон умри одамларга яхшилик ва эзгулик кўрсатишга, уларга беминнат ва халол хизмат кўрсатишга бахшида этилган бўлса ундан нурафшон излар, нурли саҳифалар қолади. Ҳамид Каримовнинг ўтган 80 йиллик умри ҳам шундай саҳифаларга жуда бойлиги, фаолияти серқирра эканлигидан далолат беради. Қандай лавозимда ишламасин Ҳ.Ё.Каримов ҳамкасблари ва талабалар дардларига ҳамдард ва шу билан бирга талабчан раҳбар сифатида танилди.

Ҳ.Ё.Каримов бутун фаолияти давомида  Тошкент Давлат тиббиёт институти(Академия)нинг равнақига бахшида этиб келмоқда: 1979-1990 йиллар мобайнида кафедра профессори, хорижий талабалар ва даволаш факультетларининг декани, халқаро алоқалар бўйича институт проректори лавозимида, 1990 йилдан 2004 йилгача Тошкент Давлат иккинчи тиббиёт институтида ректорлик лавозимида ишлади. Бу йиллар институт ҳаётининг барча жабҳаларида салмоқли мувоффақиятлар қўлга киритилди.

Ҳамид Каримов бошчилигида, Республика Соғлиқни сақлаш тизимида биринчи бўлиб жаҳон стандратларига жавоб бера оладиган молекуляр генетика лабораторияси ташкил этилиб, замонавий асбоб ускуналар билан таъминланди. Энг асосийси, Россия, Туркия, Германия, Чехия давлатларидаги йирик генетик марказларда мутахасисслар тайёрланди. Бу институтда баъзи генетик паталогияларни (хромосома паталогиялари, гемофилия, эритремия, Виллебранд касаллиги, талассемия ва бошқалар аниқлашнинг молекуляр-генетик (цитогенетик ва ПЦР тахлил) усулларини йўлга қўйиш имконини берди. Республикамизда фундаментал илмий йўналишда ўзак хужайраларни ўрганиш ва уларни амалиётга тадбиқ қилишда ҳам Х.Ё.Каримовнинг хиссаси жуда катта. Унинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида ҳозирги кунда “Республика суяк кўмиги ўзак хужайраларини трансплантацияси маркази” очилди. Анқарадаги (Туркия) “Баяндир” трансплантация маркази  мутахассислари билан биргаликда суяк илиги трансплантация қилинишини ўрганиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.       Сўнгги  йиллар давомида институтнинг 20 нафар мутахассиси ушбу марказда малака оширишга муваффақ бўлди.

Забардаст олим, мурувватли устоз, узоқни кўра билувчи раҳбар, одамлар дарди билан яшовчи инсон Ҳамид Ёқубович Каримов 80 ёшлик тўйларини ижодий кўтаринкилик руҳида, илмий ва жамоатчилик фаолиятида янги марраларини кўзлаган холатда, эзгу ниятлар билан кутиб олмоқда.  Тошкент тиббиёт академиясининг кўп минг сонли жамоаси сизнинг ватанимиз равнақи ва жамиятимиз тараққиёти йўлидаги тенгсиз машаққатли меҳнатларингизни, айниқса талаба ёшлар билан ишлаш жараёнида ёшларимизга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида кўрсатган кўп йиллик самарали меҳнатларингизни қадрлайди. Тошкент тиббиёт академияси раҳбарияти Сизни табаррук 80 ёшингиз билан муборакбод этади.

 

Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan